Мактаб қизлари ҳомиладор, коррупция кўпайди, Ғиёсов ишдан кетди, Мирзиёев нуфузли мусулмонлар рўйхатига кирди, 13 яшар қиз зўрланди – Ҳафта таҳлили
Review
−
14 November 832 16 minutes
Тошкентдаги мактабларда 7 нафар ўқувчи қизда ҳомиладорлик аниқланди. Йил бошидан буён 307 киши ОИВ инфекциясини юқтириб олди. Қўқонда 13 яшар қиз зўрланди, Учқўрғонда 5 ёшли қизалоқнинг боғчада зўрланиши бўйича суд бошланяпти. Коррупция ва коррупциянерлар кўпайяпти. Бу яхшими ё ёмон? Ўқув марказидан катта миқдордаги пулларни ўғирламоқчи бўлган “квартет” қўлга тушди. UzIMEI ортидан сарсонгарчилик авжига чиқди.
Тошкентда 15-16 ёшдаги 7 нафар қизнинг ҳомиладор экани аниқланди
Пойтахт Тошкентда 7 нафар 15-16 яшар мактаб ўқувчи-қизлари орасида ҳомиладорлик аниқланди. Бу рақамлар жорий йилнинг январь-сентябрь ойларига оид статистика. Ҳозиргача рақамлар ўсган ва агар ҳудудлар билан ҳисобланса, тўғрироғи, аниқ рақамлар ошкор қилинса, мавжуд ҳолат анчайин аянчли бўлиши мумкин. Бироқ бу масала Ўзбекистонда тегинилмайдиган, табу мавзулар сирасига киради. Ҳуқуқ-тартибот органлари, Болалар омбудсмани ўқувчи-қизларда учрайдиган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида маълумот бермайди ва буни бола ҳуқуқлари дахлсизлиги билан ифодалайди. Аммо муаммо яширилди дегани, унинг йўқлигини англатмайди.
Тошкент шаҳрига оид ушбу статистика Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 13 ноябрдаги “Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан аҳоли саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш ва уни профилактика қилишнинг ҳақиқий ҳолати, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ва натижасини муҳокама қилиш тўғрисида”ги қарорида очиқланган.
Унда айтилишича, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида айнан 7 нафар 15-16 ёшдаги қизнинг ҳомиладорлиги аниқланган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат бўйлаб ҳар 100 минг туғуруқнинг 168 таси 15-17 ёшдаги қизлар ҳиссасига тўғри келган. 2024 йилда ҳар 100 мингга 186 та, 2023 йилда ҳар 100 мингга 169 та, 2022 йилда 168 та, 2021 йилда 165 та, 2020 йилда 114 та ҳолат тўғри келган. Сўнгги 10 йилда энг юқори кўрсаткич 2015 йилда кузатилган. Ўша йили ҳар 100 минг туғуруққа 200 таси 15-17 ёшли қизлар ўртасида кузатилган.
Тошкентда ОИВ инфекциясини юқтириб олганлар 307 тага кўпайди
Ўзбекистонда қаттиқ кўриқланадиган ахборотлардан яна бири – ОИВ ва ОИТС инфекцияларига чалиниш. Мамлакатда ушбу касалликлар бўйича рақамлар, уларни аниқлаш ва давлат томонидан муҳофаза олиш, тиббий ва психологик ёрдам масалалари доим баҳсли бўлиб келган.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 13 ноябрдаги “Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан аҳоли саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш ва уни профилактика қилишнинг ҳақиқий ҳолати, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ва натижасини муҳокама қилиш тўғрисида”ги қарорида айтилишича, айни вақтда биргина Тошкент шаҳрининг ўзида ОИВ инфекциясига чалинган сони 10 382 нафар бемор бор ва уларнинг 5 916 нафари эркаклар, 4 465 нафари аёлларни ташкил этади. Афсуски, рўйхатда 137 нафар болалар ҳам бор.
2026 йил 9 ойи давомида 307 нафар янги ҳолат аниқланган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 15 тага кам. Ушбу инфекцияга чалинганлар бўйича ўтган йилдаги статистик маълумотларда Бектемир, Миробод, Учтепа, Янгиҳаёт, Сергели, Яшнобод ва Юнусобод туманлари кўрсаткичлари шаҳар кўрсаткичида юқорилиги қайд этилган.
Жорий йилнинг 9 ойида янги аниқланганларнинг 233 нафарида жинсий, 13 нафарида тиббий парентерал, 4 нафарида нотиббий парентерал, 6 нафарида гиёҳванд моддаларни томир ичига қабул қилиш орқали юққан.
Педофиллар камаймаяпти
Ўзбекистонда педофилияга нисбатан умрбод қамоқ жазоси тайинланганига қарамай, бу борадаги жиноятлар камаймаяпти. Фарғонада 13 яшар қиз зўрланди. Ҳолат Қўқон шаҳридаги меҳмонхонада содир бўлган. Болалар омбудсманининг хабар беришича, жорий йилнинг 29 сентябрь куни Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи суд қарори билан қамоққа олинган. Шу йилнинг 9 ноябрь куни Қўқон шаҳар прокуратураси жиноят ишини кодекснинг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми билан қайта малакалаган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўтган ой катта шов-шувларга сабаб бўлган Наманган вилояти Учқўрғон туманида 5 яшар боғча тарбияланувчисининг шу боғчада ишловчи хўжалик мудири томонидан зўрланиши бўйича жиноят ишини судда кўриш эса келаси ҳафта, аниқ айтганда, 18 ноябрь куни бошланиши кутилмоқда. Жабрланувчи вояга етмагани сабабли суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилади.
Иш жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг иш юритувига келиб тушган. Унда 1974 йилда Мактабгача таълим ташкилоти хўжалик мудири ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Судда нафақат 5 яшар қизга нисбатан ушбу жирканч ҳаракатни содир этган ушбу нафсига қул кимса, балки бунга шароит яратиб берган, ўз лавозими ва вазифаларига беписанд қараган бошқалар масаласи ҳам адолатли кўриб чиқилади, деб умид қиламиз.
Порахўр мансабдорлар ушланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил охирида Олий Мажлис палаталари ва халққа йўлланган мурожаатномасини эслайсизми? Ўшанда давлат раҳбари 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилиниши ва бунда бу иллатга қўл урган ҳеч ким қуруқ чиқмаслигини айтганди. Лекин бундан кўпчилик хулоса қилмади, дарс чиқармади.
Ўзбекистонда коррупционерлар кўпайдими? Бундай дейишга шошмайлик. Улар ҳамиша бўлган, кўпайган бўлса ҳам бордир, аммо қўлга олишлар, фош этишлар ҳам кўпайган. Фақат қамров масаласи кишини ўйлантиради. Ҳоким ёрдамчилари ва уларнинг ўринбосарларидан нарига ўтмаётган ахборотлар ҳақиқатдан ҳам юқори лавозимларда коррупция мавжудмаслигини англатармикин?
Бу ҳафта Андижон вилояти Пахтаобод тумани ҳокими ўринбосари ва Давлат кадастрлари палатасининг туман филиали мансабдори 30 минг доллар пора билан ушланди. Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган операция тафсилотларида айтилишича, икки мансабдор ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кирган. Улар туман ҳокимлиги захирасида бўлган 50 сотих ер майдонини онлайн аукцион савдолари орқали арзон нархда ўша фуқаро номига ютиб бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Улар келишилган пулни олаётган вақтида қўлга тушган. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” ва “г” бандлари ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Коррупция билан боғлиқ шу ҳафтада содир бўлган навбатдаги шов-шувли иш эса Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Бешариқ туманида ҳоким ёрдамчиси 150 млн сўм кредит олиб бериш эвазига фуқародан iPhone 17 Pro Max сўрабди. Ҳалиги киши ҳам телефонни олиб келиб берган, ҳоким ёрдамчиси буюртмасини олаётган пайтида қўлга тушган. Айни вақтда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида сув етказиб бериш хизмати муассасаси раҳбари 5 минг АҚШ доллари пора олаётган вақтида қўлга тушди. У фуқаронинг уйини ноқонуний қурилган деб топиш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 16 минг доллар талаб қилган. У аввал ҳам Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан судланган бўлган. Навбатдаги ҳолат бўйича унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “б” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистонда 2025 йилда давлат идораларининг 1083 нафар ходими коррупцияда айбланиб, лавозимидан озод этилди, улардан 661 нафари жиноий жавобгарликка тортилди. 2026 йил бошида эълон қилинган “Коррупцияни қабул қилиш индекси” натижаларига кўра, Ўзбекистон 2025 йил якунлари бўйича ўз позициясини ўзгартирмаган ҳолда, 180 давлат ичида 121-ўринни эгаллаган. 2024 йилдаги натижа ҳам шундай эди. Бу борада Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон Қозоғистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни ортда қолдирган.
Йил охирлаяпти. Бу йилги натижалар янада оғирроқ бўлиши мумкин, ғалвир сувдан кўтарилганда маълум бўлади ҳаммаси.
Амалдорларнинг порахўрлигига чек қўйишнинг энг катта натижа берадиган халқаро тажрибадан ўтган усули албатта даромадларни декларация қилиш. Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан амалдорларнинг мол-мулки декларация қилиниши айтилган эди. Бу талаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган ва 7 июлдан бошлаб кучга кирган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида назарда тутилган. Бироқ ҳужжат қабул қилинганидан 5 йил ўтди ҳамки, бу қонундан дарак йўқ. У унутилди, унуттирилди.
“Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди. QALAMPIR.UZ манбаларига кўра, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, ИИВ, ДСҚ, Олий суд, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки билан дастлабки ва идоравий келишувлардан ўтказилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган. Қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Лекин, унинг тақдири ҳозиргача номаълум.
Президентнинг 2025 йил 21 апрелда имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2025 йил май ойида тайёр бўлиши айтилган. Натижа бўлдими? Яна йўқ. Ҳатто, коррупцияга қарши фавқулодда йил деб эълон қилинган ва тугаётган бу йилда ҳам ушбу қонун борасида ҳамма сукут сақламоқда.
Ўқув марказига босқинчиликни режалаштирганлар ушланди
Ўзбекистонда кўча безориларига, ўзидан “вор в законе” ясаб олган манаман деганларга ўтказилган қатор рейдлар, ҳатто, хорижда жиноий гуруҳлар ташкил қилганлар ортидан тушишлардан кўпчилик ҳали ҳам хулоса чиқармаган, тўғри йўлга кирмаган кўринади. Пойтахтда ўқув марказларидан бирида сақланаётган пулларни ўғирламоқчи, босқинчилик йўли билан қўла киритмоқчи бўлган бўлган шоввозларни нияти амалга ошмади. Улар қўлга тушди.
Гап шундаки, 1995 йилда туғилган собиқ қўриқчи ўқув марказининг ички тартиби ва хавфсизлик тизимини яхши билгани боис ўзи ишлаган жойни босқинчилик учун нишонга олди. У жиноий режани амалга ошириш учун уч нафар танишини ҳам ёллади.
Режага кўра, собиқ қўриқчи аввалдан марказдаги вазиятни ўрганиб, шерикларига пул сақланадиган жой ҳақида маълумот бериши керак бўлган. Гуруҳнинг яна бир аъзоси электр таъминотини узиши, қолганлари эса ниқоб тақиб, орқа эшикдан бинога кириши ва пулларни қопларга жойлаб, ижарага олинган автомобилда олиб чиқиб кетиши режалаштирилган.
Улар хавфсизлик камералари ва сигнализация тизимини ҳам ҳисобга олган. Квартетдан бири жиноятни яшириш ва гувоҳларни чалғитиш мақсадида аёллар кийимида бўлишни ҳам режалаштирган. Бунисига кулайми ё йиғлайми?
Гуруҳ пулни қўлга киритгач, Фарғона вилояти орқали қўшни республикалардан бирига чиқиб кетишни ҳам “план” қилган.
Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар натижасида босқинчиликнинг олди олинган. Гуруҳ аъзолари жиноятни амалга ошириш вақтида ушланган. Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Demokrat.uz” раҳбари қамалди
“Demokrat.uz” раҳбари Фазлиддин Меҳмонов 10 йил 3 ой муддатга, блогер Азиз Ғоипназаров эса 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Гап шундаки, Фазлиддин Меҳмонов Жиноят кодексининг 165-(товламачилик), 168-(фирибгарлик) ва 248-(ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддаларида, Азиз Ғоипназаров ушбу кодекснинг 165-моддасида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. Судланувчи Фазлиддин Меҳмоновдан жиноят доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланган.
Йўллардаги ЙТҲлар ва жарималар
Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 3 391 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Бу бир кунда ўртача 12 та ЙТҲ содир бўлганини англатади. Тошкентда ҳафта давомида кузатилган ёғингарчилик оқибатида юзага келган ва бир нечта чорраҳаларни қамраб олган юқори даражадаги тирбандлик йўллардаги муаммолар, дренаж тизимининг носозлиги ва кучли ёғингарчиликка ҳамон тайёрмаслиги, янги йўлларда тирбандлик, аҳолининг яшаш ҳудудлари ва ишлаш ҳудудларига элтувчи чорраҳаларда янги ечимларнинг мавжуд эмаслиги, сиғим имкониятлари тўлиқ ҳисобга олинмагани каби муаммоларни сув юзига чиқарди. Албатта, булар орасига айрим ҳайдовчиларнинг маданиятсизлиги, уқувсизлиги ва йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслигини ҳам қўшиш мумкин.
Миллий статистика қўмитаси берган маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 3 391 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этиган. Бу бир кунда ўртача 12 та ЙТҲ содир бўлганини англатади.
Тугаётган ҳафтада Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун жарималар бўйича янги тартиб тасдиқланди. Энди Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар белгиланган жаримани 60 кун ичида тўламаса, уларнинг транспорт воситаси жарима майдончасига олиб кетилиши мумкин.
Агар жарима белгиланган муддатда тўланмаса, транспорт воситаси ҳақидаги маълумотлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг планшетлари ва бошқа ахборот тизимларида автоматик равишда акс этади. Шундан сўнг, ЙҲХХ ходимлари маъмурий баённома расмийлаштирмасдан, автомобилни жарима майдончасига жойлаштириши керак. Транспорт воситаси жарима ҳақидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар ушлаб турилади.
Лекин ҳайдовчи жаримани электрон тўлов тизимлари, мобил иловалар ёки банк кассалари орқали жойида тўлиқ тўласа ва бу ҳақдаги маълумот электрон тизимда тасдиқланса, автомобиль жарима майдончасига олиб кетилмайди. Жарима майдончасига жойлаштирилган транспорт воситасини қайтариб олиш учун қарздорлик тўланган бўлиши керак. Тўлов тасдиқлангач, тегишли электрон рухсатнома расмийлаштирилади.
Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан икки ой ўтгач, кучга киради.
Шавкат Мирзиёев дунёнинг энг нуфузли мусулмонлари қаторига кирди
Ўзбекистон халқи учун хушхабар. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев 2027 йил учун Иордания Подшоҳлиги Ислом стратегик тадқиқотлар маркази томонидан тузилган “The Muslim 500” – дунёнинг 500 нафар энг нуфузли мусулмони рейтингига киритилди ва унда 40-ўринни эгаллади.
Рейтинг муаллифларига кўра, Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни либераллаштириш, жумладан, валюта ислоҳотларини ўтказиш, Ўзбекистонни хорижий инвестициялар учун очиш, халқаро савдони кенгайтириш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш жараёнларига раҳбарлик қилган. Унинг маъмурияти давлат бошқарувида ислоҳотларни жорий этиш билан бир қаторда, таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматлари соҳаларини яхшилашга интилмоқда. Пахтачилик саноатида тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилгани энг муҳим ютуқлардан бири бўлган.
У қўшни Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни қайта тиклаб, минтақавий савдо ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистоннинг минтақавий муносабатларини тубдан ўзгартирган. Унинг янада очиқ ташқи сиёсати Ўзбекистоннинг тобора муҳим дипломатик ва иқтисодий ҳамкор сифатида шаклланишига хизмат қилди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг ислом мероси ва илм-фанга қўшган ҳиссаси эътироф этилган.
“Мирзиёев Ўзбекистоннинг тарихий ислом меросини қайта тиклаш ташаббускори ҳамдир. Унинг ҳукумати масжидларни қуриш ва таъмирлашни қўллаб-қувватлади, Ҳаж ва Умра зиёратлари учун имкониятларни кенгайтирди ҳамда муҳим муқаддас қадамжолар ва мақомларни тиклади. Имом ал-Бухорий ва Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуалари йирик лойиҳалар сирасига киради. У, шунингдек, тарихий мадрасалар ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига инвестиция киритиш билан бирга, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказлари орқали анъанавий ислом илмларини тарғиб қилишга ҳисса қўшди”, дейилади ҳужжатда.
Рўйхатда Марказий Осиёдан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, таниқли қозоғистонлик хонанда Димаш Қудайберген ҳамда Тожикистон уламолар кенгаши раиси, муфтий Саидмукаррам Абдулқодирзода ҳам бор. Улар энг нуфузли 50 таликка эмас, балки турли соҳалар бўйича тузилган умумий рўйхатга киритилган.
2027 йилга мўлжалланган рейтингда биринчи ўрин илк бор беш нафар шахсга биргаликда берилган. Улар – Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва фельдмаршал Осим Мунир, шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған.
Ўзбекистонда таълим ва тиббиётга ажратиладиган бюджет кўпайтирилади
2027 йилда Ўзбекистонда таълимга 114,3 триллион сўм (ўтган йилдан 14 триллион сўм кўп), тиббиётга 61,4 триллион сўм (ўтган йилдан 12 триллион сўм кўп) ажратилади. Бу шу ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2027 йил учун Давлат бюджети хусусидаги йиғилишда айтилган.
Режага кўра, 2026 йил якунида мамлакат иқтисоди камида 8 фоизга ўсиши, ялпи ички маҳсулот ҳажми 200 миллиард доллардан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 5,2 минг доллардан ошиши кутилмоқда. 2027 йилда ЯИМ ҳажми 232 миллиард долларга етиши прогноз қилинмоқда. 2030 йилга бориб 300 миллиард долларга етказиш нияти бор. Ўн йилда аҳоли жон бошига даромадни 10 минг долларга етказиш мақсад қилинган.
Инфляция даражасини 2027 йилда 6 фоизга, 2028–2029 йилларда эса 5 фоизгача пасайтириш, олтинсиз экспорт ҳажмини 2027 йилда қарийб 40 миллиард долларга етказиш назарда тутилмоқда.
Келгуси йилдан иқтисодий ўсишнинг янги моделига ўтилади, бунда ҳар бир тармоқда юқори қўшилган қиймат яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш асосий вазифалар этиб белгиланмоқда.
Хусусан, келгуси йилда инфляцияни 6 фоиздан оширмаслик, умумий фискал тақчилликни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз доирасида сақлаш муҳим вазифа этиб белгиланди. 2027 йилда ҳам асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз қолади. Бундай шароитда бюджет даромадларини кўпайтиришнинг асосий манбаи иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, солиқ базасини кенгайтириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўлиши айтилган.
2027 йил учун Давлат бюджети даромадларини 416 триллион сўм, харажатларини эса 464 триллион сўм миқдорида белгилаш назарда тутилмоқда. Президент бюджет харажатларининг ҳар бир сўми аниқ натижа бериши лозимлигини айтган.
Яна IMEI можароси
Ўзбекистонда яна IMEI можароси. Ижтимоий тармоқлар тинмаяпти, одамлар хориждан олиб келган телефонларини аэропортларда ташлаб чиқишга мажбур бўляпти.
10 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида хориждан келаётган йўловчиларнинг мобил қурилмалари экспертизадан ўтказиш мақсадида 30 кунгача муддатга вақтинча сақловга олинаётгани, шунингдек, экспертизасиз бир кун ичида расмийлаштириш учун қўшимча тўловлар жорий этилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Божхона қўмитасига кўра, охирги пайтларда IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмаларга тегишли идентификаторлардан фойдаланиш, шунингдек, бир қурилма маълумотларини бошқа қурилмаларни қонунийлаштириш учун ишлатиш каби мураккаб қонунбузилиш схемалари орқали божсиз олиб кириш меъёридан фойдаланишга бўлган уринишлар кўпайган. Мобил қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини текшириш, хусусан, IMEI-1 ва IMEI-2 кодлари битта қурилмага тегишли эканини ҳамда ушбу кодлар бўйича аввал тармоқ ҳодисаси содир бўлганини аниқлаш учун эса махсус билим ва ихтисослик талаб қилади. Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви уларнинг IMEI идентификаторларини аниқлаш ва қонуний олиб кирилганлигини тасдиқлаш билан боғлиқ айрим масалаларга ойдинлик киритилгунга қадар вақтинча тўхтатилган.
Божхона қўмитаси муаммо қилиб кўрсатган “айрим масалалар” ва махсус билим ва ихтисосликка эга кадрлар масаласи эртаси куниёқ ҳал қилинган кўринади. Чунки 11 ноябрь куни идора жамоатчилик учун матбуот анжумани ташкил қилиб, Тошкент халқаро аэропортида хориждан олиб келинган телефонларни расмийлаштириш қайта бошланганини билдирди.
Аслида ҳаммаси бундан 8 йил олдин бошланган эди. Тизим Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий этилди. Хусусан, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб тизим автоматик режимда ишга туширилди. Ўша вақтга қадар маҳаллий мобил операторлар тармоқларида фаол бўлган барча қурилмалар бепул ва автоматик тарзда базага киритилди. 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб эса янги олиб кирилган қурилмаларни ариза асосида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби кучга кирди. Ўша йилнинг 1 декабрь ойидан рўйхатдан ўтказиш пуллик бўлди.
Орада тизим билан боғлиқ яна қатор муаммолар кўринди. Хусусан, унинг фаолияти давомида фуқароларнинг шахсий маълумотларидан ноқонуний фойдаланиб, бегона телефонларни расмийлаштириш кўпайди. Муаммолар фонида 2023 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб хориждан олиб кирилган телефонни UzIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш учун уни чегарада божхона декларациясиялаш шарт бўлди. Декларациясиз қурилмаларни расмийлаштиришда қийматининг 30 фоизи миқдорида қўшимча бож ундириш тартиби белгиланди.
Шундай қилиб, 8 йил гўё синалган тизим ҳали ҳамон “айрим масалалар” сабаб тўхтаб қолиши, ёки махсус билим ва ихтисосликка эга мутахассислар йўқлиги учун 30 кунгача куттириши мумкин.
Шоҳрух Ғиёсов ишдан олинди
Шоҳрух Ғиёсов Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби лавозимидан озод этилди.
У 2019 йил 10 октябрда Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи — ички ишлар вазирининг матбуот котиби этиб тайинланган. У ички ишлар органларидаги фаолиятини 1996 йилдан бошлаб, шу кунга қадар турли лавозимларда хизмат қилиб келган.
Мазкур лавозимга тайинлангунга қадар ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармасига раҳбарлик қилган.
Live
AllBAAdagi YTHda 14 kishi halok bo'ldi
13 November
Eronda raketa uchirish qurilmasiga zarba berildi
13 November