Тошкентда ОИВ инфекциясини юқтириб олганлар 307 тага кўпайди

−

image

Тошкент шаҳрида 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ОИВ инфекциясининг 307 та янги ҳолати қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 тага кам. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг кеча, 13 ноябрдаги “Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан аҳоли саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш ва уни профилактика қилишнинг ҳақиқий ҳолати, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ва натижасини муҳокама қилиш тўғрисида”ги қарорида маълум қилинган.

Қайд этилишича, айни пайтда пойтахтда ОИВ инфекцияси билан яшаётганлар сони 10 382 нафарни ташкил этади. Уларнинг 5 916 нафари эркаклар, 4 465 нафари аёллар. Шунингдек, улар орасида 18 ёшгача бўлган 137 нафар бола бор.

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида аниқланган 307 та янги ҳолатнинг 233 таси (75,9 фоиз) жинсий йўл билан юққан. 13 та ҳолатда (4,2 фоиз) инфекция тиббий муолажалар орқали, 4 та ҳолатда (1,3 фоиз) нотиббий парентерал йўл билан, 6 та ҳолатда (2 фоиз) эса гиёҳванд моддаларни томир ичига юбориш орқали юқиши қайд этилган.

Туманлар кесимида ОИВ инфекцияси кўрсаткичи Бектемир туманида 17,0, Мирободда 15,4, Учтепада 14,8, Янгиҳаётда 11,1, Сергелида 9,8, Яшнобод ва Юнусободда 9,7 ни ташкил этган. Ушбу туманлардаги кўрсаткичлар шаҳар ўртача кўрсаткичидан юқори.

Маълумот учун, 2025 йилнинг тўққиз ойида Тошкент шаҳрида ОИВ инфекциясининг 324 та янги ҳолати аниқланган. 2026 йилнинг шу даврида бу рақам 307 тани ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Тошкент шаҳрида 15-16 ёшли қизлар ўртасида 7 та ҳомиладорлик ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends