Тошкентда 1 йил ичида 91 киши ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
14 Февраль
1976Тошкент шаҳри ҳудудида 2024 йил давомида 91 та йўл-транспорт ҳодисаси ўлим билан якунланган. Бу ҳақда жорий йил 10 февраль куни қабул қилинган халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг тегишли қарорида келтирилган.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳри ҳудудида 2024 йил давомида 1 280 та йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиб, мазкур ҳодисаларнинг 1 189 таси тан жароҳати, 91 таси ўлим каби оғир оқибатлар билан якунланган. Шунингдек, 720 та пиёдалар билан боғлиқ, 98 та тезлик билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилган.
Маълумот ўрнида, 2023 йил пойтахт кўчаларида содир бўлган ЙТҲларда 95 киши ҳалок бўлган. Вафот этганларнинг 10 нафари болалар. ЙТҲлар оқибатида 1248 киши тан жароҳати олган, 10 киши умрбод ногиронга айланган. Жароҳат олганларнинг 235 нафари эса болалар ҳисобланади.
2022 йилда эса пойтахтда 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ҳисобот даврида ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарни ташкил этган, 1463 нафари тан жароҳати олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, сенатор Қутбиддин Бурҳонов Ўзбекистонда 2024 йилда 9364 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши оқибатида 2203 нафар инсон ҳалок бўлгани ва 8901 нафар инсон тан жароҳати олганини маълум қилган эди.