Тошкентда 1,2 млн долларни чегарадан яшириб ўтказишга уринганлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
20 Март
4668Тошкент вилоятида жами 1 млн 273 минг 170 долларни декларациясиз, божхона назоратидан яшириб, Қозоғистон Республикасига олиб ўтмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ ходимлари томонидан божхона идоралари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган “Навоий” чегара-божхона постида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир жараёнида мамлакатдан қўшни давлат томон ҳаракатланаётган Lacetti русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда унда йўловчи сифатида кетаётган, Тошкент туманида яшовчи 1978 йилда туғилган фуқарога тегишли целлофан пакетда 874 минг АҚШ доллари борлиги маълум бўлган. Аниқланишича, у мазкур пул маблағини декларациясиз, божхона назоратидан яшириб, Қозоғистон Республикасига олиб ўтмоқчи бўлган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу хорижий валюталарни Тошкент шаҳридаги бозорларда савдо қилувчи шахслардан йиғиб, мазкур аёлга берган – пойтахтда истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган фуқаронинг Тошкент туманидаги вақтинча яшаш хонадони кўздан кечирилганда, келгусида Қозоғистон Республикасига олиб ўтиш учун тайёрлаб қўйилган 399 минг 170 АҚШ доллари борлиги ҳам аниқланган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида жами 1 млн 273 минг 170 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,182-моддасининг 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва Ўзбекистонни боғлаб турувчи Тошкент вилоятида жойлашган “Яллама” чегара постида пневматик қурол ва 1 500 дона ўқни яширинча олиб киришга уринган фуқаро ушланган эди.
LiveБарчаси