Тошкентда ҳаво ифлосланишига нима сабаб бўлгани айтилди
Бу қизиқ
−
26 Октябрь 1196 3 дақиқа
Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида кузатилаётган ҳаво ифлосланишига ноқулай метеорологик шароитлар ва табиий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Бунда ёғингарчиликнинг камлиги, шамол ва атмосфера ҳавосининг табиий алмашинуви билан боғлиқ жараёнлар муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳақда Иқлим ўзгариши миллий маркази директори Фаррух Саттаров маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йил октябрь ойининг 26-кунига қадар Тошкент шаҳрида атиги 3,9 миллиметр ёғингарчилик кузатилган. Ойлик меъёр эса 23,7 миллиметрни ташкил этади. Демак, ёғингарчилик миқдори меъёрга нисбатан қарийб 6 баравар кам бўлган. Ёғингарчилик камлиги ҳаводаги чанг зарраларининг ювилиб кетиш жараёнини сусайтиради ва уларнинг атмосферада тўпланишига шароит яратади.
Илмий кузатувларга кўра, сўнгги ўн йилликда атмосфера ҳавосининг табиий алмашинуви билан боғлиқ жараёнларда ҳам ўзгаришлар кузатилган. Хусусан, совуқ ярим йилликда кучли шамол ва ёғингарчиликнинг камлиги билан боғлиқ ноқулай метеорологик шароитлар олдинги йилларга нисбатан 57 фоизга кўпайган. Бундай шароитлар ҳавонинг табиий равишда тозаланишини қийинлаштириши мумкин.
“Маълумки, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан ҳаво сифатидаги ўзгаришлар, табиий омилларнинг ҳудудларга кириб келиши ва уларнинг атмосфера ҳавоси сифатига таъсири нафақат мониторинг станциялари, балки сунъий йўлдошлар орқали ҳам кузатиб борилади. Мутахассислар ҳаво сифатидаги ўзгаришларни нафақат ер устидаги мониторинг станциялари, балки сунъий йўлдош тасвирлари орқали ҳам кузатиб бормоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, октябрь ойининг 1–26-кунлари бўйича SILAM (атмосфера таркиби ва ҳаво сифатини моделлаштириш ҳамда прогноз қилиш учун мўлжалланган халқаро компьютер тизими) модели асосида сунъий йўлдош тасвирлари таҳлил қилиниб, улар AQI ҳаво сифати индекси билан солиштирилган. Таҳлиллар чанг массалари Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларга кириб келган даврларда ҳаво сифати индексининг ҳам кўтарилганини кўрсатмоқда. Масалан, октябрь ойининг 4–5-кунларида ёғингарчилик кузатилган ва AQI индекси 66–71 даражада бўлган. Ойнинг кейинги кунларида эса ёғингарчилик камлиги ва чанг массаларининг тўпланиши фонида ҳаво сифати ёмонлашган.
Европанинг EUMETSAT платформаси (об-ҳаво, иқлим ва атроф-муҳитни космосдан кузатишга ихтисослашган Европа метеорология сунъий йўлдош агентлиги) ҳамда Метеосат сунъий йўлдошидан олинган тасвирларда 25–26 октябрь кунлари Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда йирик чанг массалари кузатилган. Ушбу жараён Тошкент шаҳри ва вилояти, шунингдек, қисман Сирдарё ва Жиззах вилоятларини қамраб олган.
Мутахассислар прогнозига кўра, чанг массаларининг таъсири ва ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ноқулай шароитлар келгуси ҳафтанинг бошигача давом этиши мумкин.
“Таъкидлаш жоизки, ҳаво сифати ёмонлашувига турли омиллар таъсир кўрсатади. Шу боис вазиятни тўғри баҳолашда метеорологик шароитлар, чанг массаларининг ҳаракати ва мониторинг маълумотларини биргаликда таҳлил қилиш муҳим ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда кеча, 25 октябрдан бугун, 26 октябрга ўтар кечаси ҳаво сифати ёмонлашиб, PM2.5 заррачалари билан ифлосланиш даражаси халқаро ҳаво сифати индекси бўйича “носоғлом” ва “жуда носоғлом” тоифаларга етгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси26 Октябрь
26 Октябрь