Тошкент вилоятининг бир қисми пойтахт ҳудудига қўшилади
Жамият
−
14 Март
18076Тошкент вилояти депутатлари вилоят ҳудудининг бир қисмини пойтахтнинг Янги Тошкент туманига ўтказишни маъқуллади. Бу ҳақдаги тегишли қарор 13 март куни халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши томонидан қабул қилинди.
Қарорга кўра, Тошкент вилояти ҳудудидан 19 729,41 гектар, шу жумладан Юқори Чирчиқ туманидан 17 323,32 гектар, Ўрта Чирчиқ туманидан 2 406,1 гектар ер майдонлари Тошкент шаҳрининг Янги Тошкент тумани таркибига ўтказилди.
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги 33 та МФЙ, шундан 20 та тўлиқ, 13 та қисман ҳамда Ўрта Чирчиқ туманидаги 7 та МФЙ, шундан 4 та тўлиқ, 3 та қисман бўлган ҳудудлари Тошкент шаҳри таркибидаги Янги Тошкент туманига ўтказилиши белгиланди.
Ерлар жорий ер фонди тоифалари ўзгартирилмаган ҳолда ўтказилади. Ўзгартиришлар Олий Мажлис палаталари қарори қабул қилингандан кейин кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳри таркибида Янги Тошкент тумани ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.