Тошкентда янги туман ташкил этилади
Жамият
−
11 Ноябрь 2023
20946Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан Тошкент шаҳрига ўтказиладиган қарийб 20 минг гектар (шунинг қарийб 13 минг гектари қишлоқ хўжалиги ерлари) ҳудудда Янги Тошкент тумани ташкил этилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қарори лойиҳасида маълум қилинди.
Қарор лойиҳасида келтирилишича, Тошкент вилояти ҳудудидан 19 729,41 гектар, шу жумладан, Юқори Чирчиқ туманидан 17 323,31 гектар (шундан 11 147,29 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари), Ўрта Чирчиқ туманидан 2 406,1 гектар (шундан 1 758,41 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдонлари Тошкент шаҳри таркибига ўтказилади.
Тошкент шаҳри ҳудудига қўшилган ҳудудларда умумий ер майдони 19 729,41 гектардан иборат бўлган Янги Тошкент тумани ташкил этилиши мумкин. Тошкент шаҳрига қуйидаги ҳудудлар ўтиши кутилмоқда:
- Юқори Чирчиқ туманидаги “Истиқбол”, “Дархон”, “Усмонобод”, ”Навоий”, “Жалолтепа”, “Ободон”, “Гулистон”, “Баҳор”, “Хван Т.Г”, “Яшнобод”, “Уч чинор”, “Нурафшон”, “Миробод”, “Файзиобод”, “А.Яссавий”, “Балиқчи”, “Ёшлик”, “Тинчлик”, “Ийк-ота”, “Бирлик” МФЙ ҳудудлари ҳамда “Истиқлол”, “Гулобод”, “Ўзбекистон”, “Наврўз”, “Қорасув”, “Оқ овул”, “Маърифат”, “Жумабозор”, “Нурли йўл”, “Фаровон”, “Янги ҳаёт”, “Саховат”, “Қизилсой” МФЙ ҳудудларининг бир қисми;
- Ўрта Чирчиқ туманидаги “Шоликор”, “Ўчоқли”, “Бунёдкор”, “Машъал” МФЙ ҳудудлари ҳамда “Мустақиллик”, “Гулобод”, “Янгитурмуш” МФЙ ҳудудларининг бир қисми.
Таъкидланишича, мазкур ўзгаришдан сўнг, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги сайлов округларидан, Ўрта Чирчиқ туманидаги сайлов округларидан сайланган депутатлар Янги Тошкент тумани кенгаши депутатлари ҳисобланади.