Манзил-колониядаги маҳкум яна жиноят содир этгани аниқланди
3-саҳифа
−
24 Январь
13920Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳрида яшовчи ва Жиззах шаҳрида туғилган 2 нафар шахс ўзаро келишган ҳолда, қурилиш фирмаси раҳбарига ўзларининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги 72,5 млрд сўмлик ичимлик суви тармоғини тортиш лойиҳасини тендер савдоларисиз, тўғридан тўғри олиб беришни ваъда қилган. Эвазига улар объект қийматининг 6 фоизини, яъни 4 млрд 350 млн сўм талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағидан 29 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ноқонуний ишга Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида жойлашган, ИИВ ҳузуридаги 44-сонли манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг алоқадорлиги аниқланиб, юқоридаги пул маблағидан 28500 АҚШ долларини олган вақтида у ҳам қўлга олинган.
Бошқа ҳолатда эса Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги боғдорчилик ва полизчиликка ихтисослашган уюшма раиси ҳамда Давлат кадастрлар палатаси Учкўприк туман филиалининг собиқ мутахассиси ҳисобланган шахс ўзаро келишган ҳолда, мазкур уюшма балансидаги 10 сотих ер майдонини харидор номига расмийлаштириб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 12600 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.