Тошкент вилоятида жамоат транспорти қимматлади. Янги тарифлар қандай?
Жамият
−
21 июл 4163 3 дақиқа
Тошкент вилоятида жамоат транспортларидан фойдаланиш учун нақд пулдаги тарифлар қайта кўриб чиқилди ва улар электрон тариф тўловларига нисбатан 30 фоиз қимматлаштирилди. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг кеча, 20 июль куни қабул қилган вилоят шаҳарларида жамоат транспортида тариф тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида қайд этилди.
Мазкур ҳужжат билан вилоятнинг шаҳарларида брутто шартнома асосида шаҳар ичи автобус йўналишларида жамоат транспорти хизматлари учун янги тарифлар тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, вилоятда шартнома асосидаги барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулсиз олиш амалиёти тўлиқ жорий этилиб, жамоат транспортида йўлкира тўловларини электрон шаклда амалга оширишни рағбатлантириш мақсадида нақд пулдаги тарифлар электрон тўлов тарифига нисбатан 30 фоиз юқори этиб белгиланди.
Шунингдек, йўловчилар учун соатлик, кунлик, уч ойлик, олти ойлик ҳамда йиллик лимитсиз тариф режалари жорий этиладиган бўлди.
Янги тарифлар қуйидагича:
- Транспорт ёки банк картаси орқали электрон тўлов – 2 000 сўм (ҚҚС билан);
- Нақд пул орқали тўлов – 2 600 сўм (ҚҚС билан);
- Бир йўловчининг юкини ташиш хизмати – 2 600 сўм (ҚҚС билан).
Мазкур нархлардан келиб чиқиб, автобус ва электробуслар учун бир кунлик йўл ҳақи 8 минг сўм этиб белгиланди. Шунингдек, йўловчилар учун 5 кунлик (22 та қатнов) абонемент 34 минг сўм, 10 кунлик (44 та қатнов) – 68 минг сўм, 15 кунлик (66 та қатнов) – 102 минг сўм, 20 кунлик (88 та қатнов) – 135 минг сўм ва 30 кунлик (130 та қатнов) – 200 минг сўм қилиб тасдиқланди. Узоқ муддатли тарифлар 90 кунга – 600 минг сўм, 180 кунга – 1,2 миллион сўм ва 365 кунга – 2,4 миллион сўм этиб белгиланди.

Пенсионерлар, ногиронлар, талабалар ва ўқувчилар учун имтиёзли тарифлар ҳам жорий этилди. Улар учун бир кунлик тариф 4 минг сўм, 5 кунлик абонемент 17 минг сўм, 10 кунлик – 34 минг сўм, 20 кунлик – 68 минг сўм ва 30 кунлик – 100 минг сўм этиб белгиланган. Шунингдек, ушбу тоифадаги йўловчилар учун 90 кунлик тариф 300 минг сўм, 180 кунлик – 600 минг сўм ва 365 кунлик тариф 1,2 миллион сўмни ташкил этади.


Бундан ташқари, “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ транспортдан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар учун 30 кунлик, 60 та қатновни ўз ичига олган тариф режаси 0 сўм этиб белгиланди.

Янги тизимда йўловчилар муддатли абонементларни танлаш орқали бир қатнов учун тўланадиган ўртача харажатни камайтириш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, тарифлар кунлар эмас, белгиланган муддат давомида амалга ошириладиган қатновлар сонига боғлангани билан ҳам фарқ қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 1 сентябридан ҳукуматнинг “Шаҳар йўловчи транспорти тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, автобусга чиқиш вақтида йўлкира тўлаш мажбурий бўлиши белгиланганди..
Live
Барчаси