Тошкент вилоятида чўмилишга бориб, дарё ўртасида қолиб кетган бола қутқарилди
Жамият
−
13 Июнь
4964Тошкент вилоятидан оқиб ўтувчи "Қорасув" дарёси ўртасида қолиб кетган бола қутқарилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Келтирилишича, жорий йилнинг 10 июнь куни соат 13:50 да вилоят ФВБга Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи “Қорасув” дарёси ўртасида бир бола қолиб кетганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Маълум бўлишича, бола дарёга чўмилиш мақсадида борган ҳамда сузиб холдан тойиб, дарё марказидаги оролчага чиқиб олган. Сув оқимининг тезлиги юқори бўлганлиги сабабли орқага қайтишнинг имкони бўлмаган.
Ҳолат бўйича вилоят ФВБ қутқарувчилари зудлик билан айтилган манзилга етиб борган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида оролчада қолиб кетган бола махсус анжомлар ёрдамида соғ-саломат қирғоққа олиб ўтилган.
“Фуқаролардан сув ҳавзаларида чўмилаётганда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ҳамда фақат рухсат берилган сув ҳавзаларида чўмилишни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги фермер хўжалиги ер майдонида жойлашган сунъий сув ҳавзасига чўмилиш учун тушган уч нафар вояга етмаган бола эҳтиётсизликлари оқибатида чўкиб, вафот этганди.
LiveБарчаси