Тошкент вилоятида 5 туп чинор кесган шахслар қамалди
Жамият
−
17 Май
4410Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ шаҳрида 5 туп чинорни ноқонуний кесган шахслар озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг 5 декабрь куни Ш.М. ўзининг уч нафар таниши билан келишиб, туманнинг “Машъал” МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига қарашли дала майдонига борган ҳамда моторли арра ва бошқа иш қуроллари ёрдамида жами нархи 247 миллион 180 минг сўмлик 5 туп кўп йиллик шарқ чинорини тагидан кесган.
Кесилган дарахтларни бўлакларга бўлиб, ўзлари ёллаган “КАМАЗ” русумли юк машинасига жойлаб, Тошкент шаҳридаги халқ тилида “Тахта бозори”га сотиш мақсадида олиб кетишаётганида ички ишлар ходимлари томонидан ушланган.
Суд ҳукми билан айбдор шахсга Жиноят кодексининг 198-моддаси (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 2-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Унинг жиноий шерикларига ҳам кодекснинг тегишли моддаларига асосан озодликдан маҳрум этиш жазоси берилган.