Тошкент вилоятида 15 кг наркотикни сотаётганлар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
09:36 1190 2 дақиқа
Тошкент вилоятида 15 килограмм гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар давомида икки ҳолат аниқланган.
Қайд этилишича, трансмиллий жиноий гуруҳ аъзолари қўшни республикадан Тошкент вилояти орқали катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини контрабанда йўли билан олиб ўтмоқчи бўлган. Жиноий гуруҳ етакчиси, муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 122-моддалари (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан судланган шахс 1985 ва 1973 йилларда туғилган шериклари билан Tico русумли автомашинада Тошкент–Андижон магистрал йўлига келган. Улар олдиндан белгиланган жойга яшириб кетилган 13 килограмм гашишни олаётган вақтда қўлга олинган.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Бўка туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1972 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс 1976 йилда туғилган наркосавдогарга 2 килограмм опийни 20 минг АҚШ долларига сотаётган вақтда ушланган.
Қайд этилишича, жами 15 килограмм “опий” ва “гашиш” мусодара қилиниб, уларнинг 75 минг дозага тенг миқдори аҳоли орасида тарқалишининг олди олинган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилган. Гумонланувчилар қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 2 кг 18 грамм “опий”ни 20 минг долларга сотган қўшни давлатнинг икки фуқароси ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь