Тошкент ва унинг атрофидаги иссиқхоналарга мол-мулк ва ер солиғи 10 баравар оширилади

Жамият

image

Тошкент ва унинг атрофида жойлашган иссиқхоналарга мол-мулк ва ер солиғи 10 баравар оширилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 16 июль куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Республиканинг айрим ҳудудларида экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Унга кўра, Тошкент шаҳри, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида жойлашган иссиқхоналар банд қилган ер участкаларига нисбатан солиқ ставкаси қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерлар учун белгиланган солиқ ставкасининг ўн баравари миқдорида белгиланади. Бундай ер участкаларига солиқ имтиёзлари татбиқ этилмайди.

Ушбу қоидалар иситиш қурилмалари (қозонхоналари) демонтаж қилинган иссиқхоналар ва электр иситувчи иссиқхоналар банд қилган ер участкаларига татбиқ этилмайди. Улар бўйича маълумотлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан тақдим этилади.

Қайд этилишича, ўзгартиш ва қўшимчалар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг экологик вазиятига иссиқхона хўжаликларининг салбий таъсирини камайтириш, иссиқхоналарни иситишда экологик жиҳатдан хавфсиз ва энергия тежамкор технологияларни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил 1 октябрдан Тошкент шаҳри ва туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этиш чекланиши ҳақида хабар берилган эди. Шунигдек, Тошкент шаҳридаги экологияга зарар келтираётган корхоналар Тошкент вилоятидаги бўш ерларга кўчирилиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг