Тошкент ва Қўқонда Ҳаж зиёратига ноқонуний юборишга уринганлар аниқланди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳри ва Қўқон шаҳрида “Ҳаж-2024” зиёратига юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган шахс Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, унга Саудия Арабистонига бориши учун зарур бўладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб беришни айтган. У зиёратга юбориш эвазига 8,5 минг АҚШ доллари талаб қилган. Фуқаро пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бошқа ҳолатда эса пойтахтда фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси ходими Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқарони сохта ҳужжатлар орқали Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 5,5 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Яна бир сайёҳлик фирмаси бошқарувчиси ва унинг ходими ҳам Яшнобод туманида яшовчи фуқаронинг ишончини суиистеъмол қилиб, жорий “Ҳаж-2024” мавсумида Саудия подшоҳлигига сафарга юбориш эвазига 8,5 минг АҚШ доллари талаб қилган ва у 4 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмасининг иш бошқарувчиси 2 нафар фуқарони Ҳаж амалларини бажариши учун Саудия Арабистонига юбориш эвазига 12 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Қўқон шаҳрида кузатилган яна бир ҳолатда, бошқа сайёҳлик фирмаси ходими маҳаллий фуқарони Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 3 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

“Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилди хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўзбекистонликлар учун Ҳаж тадбири Ўзбекистон Республикасининг Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Саудия Арабистони томонидан белгиланган тартибга мувофиқ, чет эл фуқаролари учун Ҳаж зиёратини адо этишнинг асосий шарти – Ҳаж визасига эга бўлиш ҳисобланади. Қолган барча турдаги визалар – умра, туризм, бизнес ва бошқалар билан Ҳаж зиёратига бориш тақиқланади. Тартибни бузган хорижлик Саудия Арабистонидан депорт қилиниб, ушбу мамлакатга 10 йил муддатга кириши тақиқланади ҳамда 50 минг Cаудия риёли миқдорида жаримага тортилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ДХХ Ҳаж Қўқон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг