Тошкент ва Қашқадарёда мансабдорлар пора билан ушланди
3-саҳифа
−
15 июл 4410 2 дақиқа
Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилоятида коррупцияга оид икки ҳолатга чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси мансабдор танишлари орқали “Тошкент шаҳар саноат зоналарини бошқариш дирекцияси” давлат муассасаси балансидаги ер майдонидан 2026 йил давомида фойдаланиш учун маҳаллий МЧЖ билан ўзи фаолият юритаётган бошқарма ўртасида ижара шартномасини расмийлаштириб беришни ва ижара ҳақини камайтирган ҳолда корхонанинг 2025 йилдаги қарздорлигини тугатиб беришни ваъда қилган.
Бунинг эвазига у 15 минг АҚШ доллари талаб қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бош мутахассис сўралган пулни олган вақтида ушланган.
Бошқа ҳолатда Қашқадарё вилоятида Муборак тумани Электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари жиноят ишлари бўйича Муборак туман судида маҳаллий фуқарога нисбатан электр тармоғига ноқонуний уланиш ҳолати юзасидан кўрилаётган жиноят ишида фуқаровий даъвогар бўлган.
У корхонага етказилган 103 миллион сўмлик зарарни танишлари орқали 34 миллион сўмга камайтириб берганини айтиб, бунинг эвазига фуқародан 17 миллион сўм талаб қилган. Мансабдор ушбу пулларни турмуш ўртоғи орқали олаётган вақтида ушланган.
Билдирилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Фарғона вилоятининг Бувайда туманида мансабдор шахсларнинг пора олиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлари фош этилганди.
Live
Барчаси