P2P ўтказмасидаги қонунбузарлик ортидан тадбиркордан пора ундирган солиқчи ушланди

Crime

image

Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Фарғона вилоятининг Бувайда туманида мансабдор шахсларнинг пора олиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлари фош этилди. Ҳар икки ҳолатда гумонланувчилар 1000 АҚШ доллари олаётган вақтида тезкор тадбир давомида ушланган. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Зангиота тумани Солиқ инспекциясининг бош инспектори топшириғи билан ҳаракат қилган воситачи тадбиркордан 1000 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, Зангиота туманидаги халқ орасида “Чинни бозор” номи билан танилган “Хўжалик моллари ва ҳунармандлар савдо комплекси”да фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор дўконида солиқ текшируви ўтказилган. Текширув давомида тадбиркор савдо тушумларини мобил иловалар орқали шахсий банк картасига қабул қилиб, уларни тадбиркорлик ҳисоб рақамига киритмагани аниқланган. Шундан сўнг бош инспектор тадбиркорга 160 миллион сўм жарима қўлланишини айтиб, уни бартараф этиш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.

Шунга ўхшаш ҳолат Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ҳам қайд этилган. Бувайда тумани Электр таъминоти корхонаси муҳандиси 1000 АҚШ доллари олаётган вақтида ушланган.

Аниқланишича, терговга қадар ўтказилган суриштирувларда муҳандис ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланувчи тадбиркорга ҳудуддаги хўжалик юритувчи субъектларни мижоз сифатида йўналтириш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда техник шарт олиб бериш эвазига жами 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида газ таъминоти корхонаси ходими фуқародан 3 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олинган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends