“Тошкент тўй оши” ҳам патентланди
Жамият
−
14 Апрель 5035 2 дақиқа
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига хос бўлган, ўзбек пазандачилик санъатининг дурдонаси ҳисобланган “Тошкент тўй оши” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
“Тарихий ва этнографик манбаларга кўра, Тошкент воҳасида палов тайёрлаш маданияти асрлар давомида шаклланган. Тўй оши – бу шунчаки таом эмас, балки кимё, физика ва биология қонуниятлари мужассам бўлган мураккаб жараён бўлиб, асосан тонг саҳарда яримсфера шаклидаги қалин деворли чўян қозонларда пиширилади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур мақом Тошкент тўй оши номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади ҳамда маҳсулот сифатининг давлат меъёрларига мувофиқлигини кафолатлайди.
Маълумот учун, географик кўрсаткич – маҳсулотнинг муайян ҳудудга мансублигини ва унинг ўзига хос хусусиятлари айнан шу ҳудуд билан боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объектидир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятига хос бўлган “Софи оши” миллий таоми географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганди. Шунингдек, “Ғиждувон шашлик”, “Ғузор тандир гўшти”, “Самарқанд нони”, “Хоразм тухумбараги”, “Андижон дўпписи”, “Сўқоқ сомсаси”, “Самарқанд нўхат шўраги”, “Самарқанд қоғози”, “Зомин қозон патири” ҳамда “Балиқ қарма” миллий таоми географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилганди.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель