Тошкент телеминорасига энди паспортсиз кириш мумкин

Жамият

image

Аввалроқ, пойтахт Тошкентда жойлашган телеминорага паспортсиз кириш режими жорий қилиниши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Жорий йилнинг 16 ноябридан бошлаб телеминорага ташриф буюрувчилардан шахсни тасдиқловчи ҳужжат сўраш тартиби бекор қилинади. Эндиликда ташриф буюрувчилардан телеминорага киришлари учун ҳеч қандай шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилмайди.

Тошкент телеминораси республикамизнинг ноёб архитектура иншооти бўлиб, бугунги кунда Марказий Осиёда ягона ва энг баланд иншоот ҳисобланади. Шунингдек, Тошкент телеминораси Бутунжахон буюк миноралар федерацияси аьзоси ҳамдир. Минора баландлиги бўйича Бутунжахон буюк миноралар федерацияси таркибига киритилган жаҳоннинг 50 дан ортиқ миноралари орасида 
14 ўринни эгаллайди. 

Баландлиги 375 метр бўлган Тошкент телеминорасида сайёхлар учун томоша майдончасига экскурсия уюштириш ва “Коинот” ресторани хизматлари йўлга қўйилган бўлиб, телеминорага экскурция учун юртимиз ва хориждан кўплаб сайёҳлар ташриф буюришади.

Бугунги кунга қадар Тошкент телеминорасининг томоша майдончаси ва ресторанига кириш учун ташриф буюрувчилардан шахсни тасдиқловчи хужжат талаб этилар эди. Бу эса ўз навбатида, ташриф буюрувчиларнинг ёнида зарур ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда уларга ноқулайликлар туғдирар эди.

Маълумот учун, Тошкент телеминорасига ташриф буюрувчилар учун миноранинг 100 метр баландлигида “Томоша майдончаси” ва 105 метр баландлигида “Коинот” ресторанининг “Мовий” зали фаолият юритмоқда. Тошкент телеминорасига саёҳат уюштирмоқчи бўлган маҳаллий ва хорижий туристлар ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 га қадар телеминорага ташриф буюришлари ва ҳордиқ чиқаришлари мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент телеминораси

Баҳолаганлар

799

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг