Тошкeнт тeлeминорасини яшин ургани бўйича расмий изоҳ берилди
Жамият
−
10 Май 2020
36194Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 8 май куни баландлиги 375 метр бўлган Тошкент телеминорасини чақмоқ ургани ҳақида хабарлар ва чақмоқ уриши акс этган видео тарқалган эди. "Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази" давлат унитар корхонаси, ушбу ҳодиса бўйича расмий изоҳ берди.
“Тошкент шаҳрида кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити вақтида Тошкент телеминорасига тўғридан-тўғри чақмоқ уриш ҳодисаси содир бўлмаган, яъни видео олинган ракурсдан чақмоқ урганлиги қайд этилган бўлса-да, аслида чақмоқ содир бўлиши телеминорадан маълум бир масофада бўлиб ўтганлигини билдирамиз”, дейилади изоҳда.
Шунингдек, таъкидланишича, Тошкент телеминорасида бугунги кунда барча техник қурилмалар барқарор ишламоқда ва аҳолига рақамли телевидение ҳамда радиоэшиттириш дастурлари узлуксиз тарқатиб келинмоқда.
“Республикамизнинг ноёб архитектура иншооти бўлмиш Тошкент телеминораси кучли чақмоқ уришига қарши ҳимоя тизими ва ерга уланиш контурлари билан таъминланган. Шу сабабли, чақмоқ урган тақдирда ҳам, ҳеч қандай хавф ва хавотирга асос йўқ”, дея хулоса қилинади расмий изоҳда.
Маълумот учун, Тошкент телеминораси Ўрта Осиёдаги энг баланд бинодир. Унинг баландлиги 375 метрдир. Расмий тилда Тошкент телеминораси Ҳ-375м обекти деб аталади. Телеминора 1978 йилдан бошлаб, 6 йил давомида қурилган. 1985 йилнинг 15 январида ишга туширилган.