Тошкент шаҳрига кириш ва чиқиш постлари кўчирилади (видео)

Жамият

image

Тирбандликларни камайтириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кириш ва чиқиш қисмларига ўрнатилган постлар кўчирилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, кеча, 16 октябрь куни Президент бошчилигида пойтахтнинг саноат ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда тирбандликни қисқартириш масаласи муҳокама қилинган. Макзкур йўналишда 2025-2030 йилларда узунлиги 57 км бўлган алоҳида автобус йўлакларини барпо этиш тўғрисида ахборот берилиб, таклифлар маъқулланган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрига кириш ва чиқиш постларини кўчирш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

“Тошкент шаҳрига кириш ва чиқиш постларини кўчириш бўйича таклифлар маъқулланди”, дейди Бахтиёр Ҳайдаров.

У айнан қайси постлар ва қачон кўчирилишига аниқлик киритмаган. 

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг айтишича, бугунги кунда пойтахтга кунига 400 мингдан ортиқ машина кириб келади ва 1 миллиондан ортиқ аҳоли кириб-чиқади.

“Аҳолининг машинада киришининг асосий сабаби жамоат транспортини тизимли йўлга қўймаганимиз, яъни Тошкент шаҳри билан Тошкент вилояти марказларига автобуслар йўқлиги. Тошкент шаҳрига кириш жойида шароитлар яратилмаган, яъни автовокзаллар”, дейди Умурзоқов.

Унинг билдиришича, Тошкент шаҳридан ташқари бўлган, лекин Тошкент шаҳрига яқин жойда автовокзаллар, кемпинглар билан юк ва янгил машиналарга тўхташ жойлари учун шароит яратилади. Лойиҳалаштириш ишлари бу йил бошланиб, қурилиш ишларига узоғи кейинги йил бошидан старт берилади.

“Агар биз жамоат транспортига BRT (bus rapid transit)га ўхшаб, йўллар очиб бериб, маршрутларни қўйиб берадиган бўлсак Тошкент шаҳрига келаётган одамлар жамоат транспортидан фойдаланади ва бу ўз ўрнида бугунги кунда 400 минг машина кириб келаётган бўлса, кескин камайишига олиб келади ва тирбандлик муаммоларини анча ечади”, дейди Шавкат Умурзоқов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилда Тошкент шаҳридагаи маҳаллаларни ободонлаштириш, гастрономик кўчалар қуриш ва суғориш тизимларини янгилаш ишларига маҳаллий бюджетдан 1 триллион сўм йўналтирилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент пост

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг