Тошкент шаҳар экология бошқармаси фаолиятига хизмат текшируви тайинланди
Жамият
−
03 Январь
5826Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида бир дона эман дарахтига қурувчилар томонидан шикаст етказилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганидан сўнг, Тошкент шаҳар экология бошқармаси фаолиятига хизмат текшируви тайинланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Билдирилишича, ўрганиш натижасида “Max Processing” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан 1 дона эман дарахти тегишли агротехник талабларга амал қилинмасдан Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига кўчириб ўтқазилгани аниқланган. Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан “Max Processing” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 198-моддаси 3-қисми ва 229-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 151-153-моддаларига кўра Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғининг фаолиятига хизмат текшируви тайинланган ва у 2023 йилнинг 30 декабридан 2024 йилнинг 1 февралига қадар ишдан четлаштирилган.
Таъкидланишича, хизмат текшируви давомида Тошкент шаҳар экология бошқармасининг барча таркибий бўлинмалари раҳбарлари, ходимларининг фаолияти ҳамда 2021-2023 йиллар давомида бошқарма томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни кесишга берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги ва асослари ўрганилади.
Бундан ташқари, пойтахтда мораторий талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани, аҳоли томонидан дарахтларнинг кесилиши борасида кўплаб эътирозлар билдирилаётгани, қонунчиликка амал қилинмасдан дарахтларни кесишга ёки кўчиришга қайта-қайта рухсатнома берилаётганлиги сабабли Экология вазирлиги шу йилнинг 1 февралига қадар Тошкент шаҳар экология бошқармаси ваколатларини чеклаган. Хусусан, энди дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтқазишга рухсатнома бериш фақатгина вазирликнинг тегишли бошқармаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.