“Тошкент” савдо марказида дўкондан кўп миқдорда “Трамадол” топилди
Жамият
−
15 Май 2019
6439Жорий йилнинг 11 май куни соат 11:00 да Чилонзор туманида “Тошкент” савдо марказида ишловчи самарқандлик 31 ёшли Фурқат Г.дан тақиқланган дори воситалари топилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.
Холислар иштирокидаги текширувда ундан 1 конвалюта (10 таблетка) “Трамадол” топилган. Шундан сўнг, у ишлайдиган дўкон текширилганда унинг устки кийимининг чўнтагидан яна 217 та “Трамадол” таблеткалари борлиги аниқланган.
Фурқат Г.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар”) бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 22 октябридан бошлаб гиёҳвандлик воситаларининг аналогларини ноқонуний тайёрлаш, харид қилиш, сақлаш, сотиш ва бошқа ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликка жалб қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги қарорига мувофиқ “Трамадол” Ўзбекистон ҳудудида савдоси тақиқланган наркотик воситалари рўйхатига киритилди.