Тошкент кўчаларини сув босиш сабаби айтилди (видео)
Жамият
−
03 Июль
8838Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани “Туркистон” МФЙ, 6-даҳасидаги Мойқўрғон ва Қорақамиш кўчалари кесишмасида диаметри 1200мм катта сув ўтказгич тармоғида носозлик вужудга келгани ва бунинг оқибатида ушбу кўчаларни сув босганлиги ҳақида хабар берилганди. Бироқ ўрганиш жараёнида ҳодиса диаметри 800мм бўлган сув ўтказгичда юзага келгани аниқланган. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” АЖ маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳолат бугун, 3 июль куни тунги соат 04:00 атрофида содир бўлган. Бунга яқин ҳудудда жойлашган қозонхонода вақтинча электр энергияси бўлмагани сабабли қувурларда босим кўтарилиб кетгани туртки бўлган. Қувурларнинг уланган чокидан авария юзага келган. Оқибатда бир қанча сув ташқарига сизиб чиққан. Бунинг ортидан кўплаб уй ертўлаларини сув босган. Ҳолатни бартараф этиш учун етиб келган бригада дастлаб қувурда қолиб кетган сувни бўшатишган.
“Барча тумандан бригадалар жалб этилган. Аварияни бартараф этиш чоралари кўриляпти. Қисқа вақт ичида транспорт ҳаракати ва бошқа жараёнлар ҳал қилинади. Яқин ҳудудда жойлашган қозонхонада вақтинча электр таъминоти узилгани сабабли қувурларда босим кўтарилиб кетган ва авария ҳолати юзага келган. Мутасадди раҳбарлардан тортиб оддий ишчиларгача барча тик оёқда. Ваҳимага ҳожат йўқ”, дейди корхона ахборот хизмати бошлиғи Равшан Ёқубжонов.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодисада тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги сув тошқини сабаб айрим ҳудудларда жамоат транспорти вақтинча чекланиши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси