Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун маъқулланди

Жамият

image

Бугун, 9 июль куни Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун кўриб чиқилди ҳамда мақулланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Қонунда Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий мақоми, унинг фаолиятини тартибга солувчи асосий принциплар, бошқарув тизими, ваколатлари, шунингдек, институционал тузилмаси белгиланмоқда.

Шу билан бирга, молия маркази ҳудудида инвесторлар учун ҳуқуқий барқарорлик ва ишончли суд ҳимоясини таъминлашга қаратилган нормалар ҳам Қонунда ўз аксини топган.

Сенаторлар молия маркази иштирокчилари учун яратилаётган имкониятларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Жумладан, ушбу марказ иштирокчилари ва уларнинг ходимларига хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш, чет эллик мутахассисларни ишга қабул қилиш визалар олишда соддалаштирилган махсус тартиблар белгиланиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, муҳокама давомида қонуннинг айрим нормаларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилган. Хусусан, Тошкент халқаро тижорат суди судьяларига қўйилаётган талабларни қайта кўриб чиқиш, Тошкент халқаро тижорат судининг ҳар қандай халқаро арбитражга оид ишни, маъмурий-ҳуқуқий низоларни кўриш ҳамда Конституция ва қонунларга шарҳ бериш ваколатларини аниқлаштириш каби масалаларни қайта кўриб чиқиш лозимлигига эътибор қаратилган.

Қизғин муҳокама натижасида Конституциявий қонунни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан Қонунчилик палатасига юбориш, сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссиясини тузиш ҳамда манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда уни қайта ишлаш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинган.

Муҳокама якунида эса Сенатнинг ушбу Конституциявий Қонунни такомиллаштириш юзасидан қарори қабул қилинган.

Маълумот учун, мазкур Конституциявий қонун Сенатнинг 16-ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, такомиллаштириш бўйича таклифлар билан бирга Қонунчилик палатасига юборилган.

Аслида, жорий йилнинг март ойиданоқ Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш бўйича ишлар бошланган эди. Хусусан, 2026 йил 25 март куни Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда банк тизимида исломий молия механизмларини жорий қилиш бўйича тақдимот билан танишган эди.

Тақдимотда давлат раҳбарига билдирилган ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача молия маркази иқтисодиётга қўшимча 20-25 миллиард доллар жалб қилиш, ялпи ички маҳсулот ўсишига ҳар йили қўшимча 1 фоизгача ҳисса қўшиш, 15 мингтагача янги юқори малакали иш ўрни яратиш, 10 минг нафар мутахассис малакасини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Шундан сўнг, “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Президент фармони 2026 йил 30 март куни имзоланганди.

Жорий йил 17 июнь куни эса Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва сармоявий жозибадорликни ошириш мақсадида Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилишини маълум қилганди. Унда марказ иштирокчилари учун солиқ ва божхона имтиёзлари 50 йил муддатга амал қилиши билдирилганди.

Шунингдек, марказнинг ҳуқуқий асослари Конституциявий қонун билан мустаҳкамланиши ва унинг иштирокчилари учун жозибадор солиқ режими жорий қилиниб, фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ҳамда божхона божлари нол фоиз этиб белгиланиши айтилган эди.

Кейинчалик марказ фикри Тошкент халқаро инвестиция форуми дастури доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Буюк Британиянинг Инвестициялар бўйича давлат вазири, лорд Жейсон Стоквуд бошчилигидаги делегация томонидан ҳам қўллаб-қувватланганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг