Тошкент халқаро аэропорти илк бор ўз-ўзини кескин янгиламоқчи
Жамият
−
06 Сентябрь
7531Тошкент халқаро аэропорти кенгайишни бошлади. Эндиликда кузатувчилар ўз яқинларини қишнинг совуқ ва ёзнинг жазирамасида ташқаридан туриб эмас, аэропорт ичкарисидаёқ кутиб олиши мумкин. Чунки янги терминал ишга тушди.
Аэропорт раҳбариятининг маълум қилишича, ҳозирги кунда 60 минг квадратлик терминал билан кенгайган халқаро аэровокзал ҳудуди 2026 йилгача яна 2 баравар ортади. Бу йилга келиб 105 минг квадратлик халқаро терминал қурилиши тўлиқ тугалланади.
“Бу дегани ҳозирги учиб келиш ва учиб кетиш заллари уйғунлашиб ягона битта бино бўлади. Тўғрисини айтганда, ҳозир йўловчиларга шу қийинчилик туғдирмоқда. Яъни йўловчи учиб келиш залидан учиб кетиш залига ўтиши керак бўлса, у албатта ташқарига чиқиб, яна кириши керак. 2026 йилги лойиҳамизга кўра, улар бирлашади ва ўз навбатида қўшимча майдонлар, қўшимча рўйхатга олиш устунлари, паспорт, божхона, авиация хавфсизлигини камида икки бараварга кўпайтирамиз. Ҳозирги кунда Тошкент халқаро аэропортининг йўловчи ташиш қуввати 1 200 нафарни ташкил қилса, 2026 йилгача 2400 йўловчига хизмат кўрсатиш қобилиятига эга бўлади ва бу йиллик кўрсаткичда 13 млн йўловчини ташкил қилади”, деди Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев.
Аммо ҳар бир қарич ҳудуд аллақачон эгали бўлган тиғиз Тошкент шаҳрида аэропорт кенгайиш учун шунча ерни қаердан оляпти?
“Аэропорт ҳозирги кунда ўзининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда терминал биноси ва ҳаво кемаларига тураргоҳларни кенгайтириб келмоқда. Биз шаҳардан қўшимча ер олаётганимиз йўқ. Йил якунига қадар биз янги карго терминалини ҳам ишга туширишни режа қилганмиз. Бу ҳам аэропортнинг ўз ҳудудидаги бўш турган жойлар ҳисобидан бўлади”, дея тушунтирди Uzbekistan Airports раҳбари.
Аэропортнинг ўз ҳудуди эвазига кенгайтирилиши бу вақтинчалик чора бўлиб, яқин йилларда парвозлар сони ортиши билан шаҳар марказидаги аэропортлар кичиклик қилишни бошлаши мумкин. Шу сабабли кўплаб ривожланган мамлакатлар бу муаммонинг олдини олиш мақсадида аэропортларни шаҳар чеккасига кўчириш ва замонавий шаклда қайта қуришни афзал кўришади. Ўзбекистон-чи?
“Бу қисқа муддатли ечим эмас. Янги аэропорт қуриш учун бир қанча босқичларни босиб ўтиш керак. Унинг техник-иқтисодий асоси, маблағларни жалб қилиш, инвесторларни жалб қилиш ишларини амалга ошириш керак. Яъни бу узоқ йиллар давом этадиган процесс. Бу ҳолат ҳозир ўрнатилган тартибда давом этмоқда. Аммо биз барибир Тошкент халқаро аэропортини кенгайтиришимиз керак. Сабаби йўловчи ташиш қуввати йиллик ўртача 20-25 фоизга ошмоқда. Ўтган йил билан солиштирилганда бу йил 1,5 миллионга кўпайган. Кейинги йил ҳам прогноз бўйича шундай бўлиши кутилмоқда. Ҳозир Тошкент аэропорти 7 млн йўловчи сиғимга мўлжалланган бўлса-да, йил охиригача йўловчилар оқими 8 миллиондан ошиқ йўловчига хизмат кўрсатиши мумкин. Аслида биз бироз орқада қоляпмиз. Шу сабабли биз аэропортни кенгайтиришни жадаллаштиряпмиз”, дейди Жавлонбек Умархўжаев.
Кенгайтириш учун сарфланаётган маблағлар ҳам оз эмас. Бу пуллар ниманинг ҳисобидан ажратилмоқда?
“Модернизация қилиш, кенгайтириш 100 фоиз жамият ва у томонидан жалб қилинаётган кредитлар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бу ерда бюджетга ёки бошқа манбаларга боғланмаганмиз. Тошкент халқаро аэропорти бугунги кунда ўзини-ўзи 100 фоиз қоплайдиган ташкилот. Акциядорлик жамияти ўзини-ўзи бошқариб, қурилиш жараёнларини мутлақ ўзи амалга оширмоқда. Ҳозирги кунда кредит манбалари бўйича ишлаяпмиз”, деди у.
Ажратилган пулларнинг эвазига Uzbekistan Airports яна бир қанча енгилликларни таклиф қилмоқда. Масалан, аэропорт томида овқатланиш майдони ташкил қилиш режалаштирилган.
Ҳа айтганча, ҳайдовчилар диққатига! Эндиликда аэропорт олдида 10 дақиқадан ортиқ туриб қолган машиналар жаримага тортилади.
Ҳулкар Муртазоева