Тошкент қачон тоза ҳаволи шаҳарга айланиши маълум бўлди
Жамият
−
27 Июль 2023
12000Тошкент шаҳрида 2030 йилгача қўшимча 4 минг гектар яшил ҳудуд ташкил этилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 26 июль куни имзоланган “Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони маълум қилинди.
Фармонга кўра, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бульварлар қиёфасини ўзгартириш, яшил ҳудудларни кескин кўпайтириш орқали пойтахтни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Шунингдек, унда айтилишича, Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш тартиби 2027 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилади.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси этиб қайта номланди.