Тошкент ИИББдан ўлик чиқди. Яна қийноқми?
3-саҳифа
−
14 Август 2023
44658Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида 33 ёшли фуқаро вафот этди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан пойтахт худудида ўта оғир турдаги жиноятларни содир этган уюшган жиноий гуруҳнинг жиноий фаолиятини фош этиш бўйича Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди (Одам ўғирлаш), 165-моддаси 3-қисми “а” банди (Товламачилик) ва 277-моддаси 2-қисми “б” банди (Безорилик) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида, тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 29 июль куни соат 22:00 ларда Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси “Биродарлар қабристони” ҳиёбони олдида 7-8 нафар шахслардан иборат бўлган жиноий гуруҳ 1986 йилда туғилган фуқаро М.Р.ни уриб-дўппослаган. Сўнг уни машинага мажбурлаб ўтказиб, номаълум хонадонга олиб бориб, унга нисбатан куч ишлатган ҳолда пул талаб қилган.
Шунингдек, улар жабрланувчига тазйиқ ўтказган ҳолда, Туркияда бўлган номаълум шахслардан гўёки 860 минг АҚШ доллари миқдорда қарз олгани ҳақида мажбурлаб тилхат ёздириб олган.
Тергов жараёнида аниқланишича, шу йилнинг июнь ойида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тадбиркорлик билан шуғулланувчи М.Р.ни Туркияда бўлган даврда 2 кун давомида эркига зид равишда номаълум хонадонда мажбурлаб ушлаб турилган. Улар жабрланувчига тазйиқ ўтказиш йўли билан ота-онаси номидаги Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 300 минг АҚШ долларига тенг бўлган 2 та ҳовлини жиноий гуруҳ аъзолари номига расмийлаштиришга эришган. Жабрланувчи шахс ушбу жиноий гуруҳнинг тажовузлари ва тазйиқларидан қўрқиб, мазкур ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки тиббиёт муассасаларга мурожаат қилмай келган.
Бироқ жорий йилнинг 31 июль куни соғлиғи ёмонлашгани сабабли, шифохонага “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг яноқ суяги синиши, танасида кўплаб шилинган жароҳатлари” ташхиси билан ётқизилган.
Ўтказилган бир қатор тезкор тадбирлар натижасида мазкур уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан 2 нафари, яъни 1990 йилда туғилган У.Д. (муқаддам Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) ва 166-моддаси (Талончилик) билан судланган) ҳамда 1991 йилда туғилган Ф.Х. (муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 176-моддаси (Қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан судланган)лар аниқланиб, қўлга олинган. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Шу йилнинг 12 август куни гумонланувчи У.Д.га нисбатан Жиноят-процессуал кодекснинг 224-моддаси асосида баённома расмийлаштириш жараёнида у ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтиб, тўсатдан йиқилиб, ҳушини йўқотган. Ҳолат бўйича тез-тиббий ёрдам чақиртирилиб, ИИО ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Аммо тез-тиббий ёрдам келгунга қадар У.Д. ҳушига келмай, вафот этган. Бирламчи ташхисга кўра, гумонланувчининг ўлими “Жигар циррози оғир стадияси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги” оқибатида юзага келган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан текширув ўтказилмоқда. Шу билан бирга, У.Д.нинг ўлими сабабини аниқлаш бўйича тегишли судга оид тиббий-экспертиза тайинланган.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган сурат ва изоҳларда иддао қилинишича, йигит ўлимидан аввал қийноққа солинган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 22 май куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ИИО ФМБга олиб келинган 21 ёшли Ҳафизуллоҳ Турғунбоев вафот этганди. Ички ишлар вазирлиги берган маълумотларга ишонадиган бўлсак, йигит терговдан қочиш мақсадида бинонинг 4-қаватида жойлашган ҳожатхона деразасидан пастга сакраб, вафот этган.
LiveБарчаси