Тошкент аэропортида телефонларни расмийлаштириш вақтинча тўхтатилди (видео)

Жамият

−

image

Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
 
Бугун, 10 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида хориждан келаётган йўловчиларнинг мобил қурилмалари экспертизадан ўтказиш мақсадида 30 кунгача муддатга вақтинча сақловга олинаётгани, шунингдек, экспертизасиз бир кун ичида расмийлаштириш учун қўшимча тўловлар жорий этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Божхона қўмитасига кўра, сўнгги вақтларда мобил қурилмаларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмаларга тегишли идентификаторлардан фойдаланиш, шунингдек, бир қурилма маълумотларини бошқа қурилмаларни қонунийлаштириш учун ишлатиш каби мураккаб қонунбузилиш схемалари орқали божсиз олиб кириш меъёридан фойдаланишга бўлган уринишлар кўпаймоқда.

Рақамларга кўра, жорий йил бошидан “Тошкент-АЭРО” ИБК томонидан жами 185 та ҳолатда қиймати 8.8 млрд сўмлик 1185 дона уяли алоқа воситалари ноқонуний олиб кирилиши олди олинган.

Билдирилишича, мобил қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини текшириш, хусусан, IMEI-1 ва IMEI-2 кодлари битта қурилмага тегишли эканини ҳамда ушбу кодлар бўйича аввал тармоқ ҳодисаси содир бўлганини аниқлаш махсус билим ва ихтисослик талаб қилади.

Қайд этилишича, айни вақтда Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви уларнинг IMEI идентификаторларини аниқлаш ва қонуний олиб кирилганлигини тасдиқлаш билан боғлиқ айрим масалаларга ойдинлик киритилгунга қадар вақтинча тўхтатилган.

Мазкур йўналишда юзага келган масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ва ягона тартибда ҳал этиш, шунингдек, келгусида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тегишли идоралар билан бу борадаги фаолиятни ўзаро мувофиқлаштиришга зарурат туғилмоқда.

“Шу сабабли, мобиль қурилмаларнинг IMEI идентификаторларини текшириш ва уларни расмийлаштириш тартибларини ойдинлаштириш бўйича тегишли идоралар билан ҳамкорликда тадбирлар белгиланди ва қисқа муддатларда вазиятга ойдинлик киритилиши ҳамда божхона расмийлаштируви жараёнларини белгиланган тартибда давом эттириш имконияти яратилишини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

Йўловчилардан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган хабарларга ишонмасликни ҳамда фақат расмий манбаларда эълон қилинаётган маълумотларга таяниш сўраладаи.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг