Тошкент аэропортида 1,8 млрд сўмлик олмосларни олиб киришга уринганлар ушланди
3-саҳифа
−
13 Январь
6444Тошкент халқаро аэропортида 1,8 млрд сўмлик олмосларни Ҳиндистондан Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган шахслар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Билдирилишича, Тошкент халқаро аэропортида Деҳлидан учиб келган йўловчининг пальтоси чўнтагидан 281 карат ҳажмдаги қимматбаҳо тошлар топилган. У ушбу олмосларни божхона назоратига тақдим этмасдан олиб ўтишга уринган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, олмосларнинг умумий қиймати 873 млн сўмдан ошади.
Шунингдек, Ҳиндистондан учиб келган яна бир йўловчининг багажидан 57 дона турли ўлчамдаги олмос тошлари топилган. Божхона назоратига тақдим қилинмаган ушбу қимматбаҳо тошларнинг қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 942 млн сўмдан ортиқни ташкил этган.
Маълумот учун, 2023 йилда республика божхоначилари томонидан жами 394 та божхона қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган. Уларда 32,4 млрд. сўмлик 163 кг заргарлик буюмлари, шу жумладан қимматбаҳо тошларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро аэропортида жами 96 дона тарихий тангаларни чет элга олиб чиқмоқчи бўлган шахс ушланганди.