Тошкент ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг “айби” йўқ – Энергетика вазирлиги
Жамият
−
13 Февраль
6615Энергетика вазирлиги иссиқлик станциялари ва иссиқлик марказлари мазутдан фойдаланишининг Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши билан боғлиқлигини рад этди. Бу ҳақда бугун, 13 февраль куни вазирлик матбуот хизмати баёнот берди.
Билдирилишича, Тошкент вилояти ҳамда пойтахт ҳудудида “Иссиқлик электр станциялари” АЖга қарашли 11 та иссиқлик электр станцияси ва иссиқлик марказлари мавжуд бўлиб, шундан 6 тасида (Тошкент вилоятида жойлашган Тошкент ИЭС, Тошкент шаҳрида жойлашган 3 – 5, 9 – 10 иссиқлик марказлари) чиндан ҳам куннинг тиғиз вақтларида, табиий газ таъминотида босим пасайган пайтда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр ҳамда иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланилади.
“Мазут ёқилғисининг ишлатилиши жараёни эса қонунчиликда белгиланган тарзда барча масъул идоралар, хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳам келишилган тартибда йўлга қўйилган”, дейилади баёнотда.
Вазирликка кўра, станцияда мазут ёқилиши натижасида атмосферага зарарли моддаларнинг чиқишини камайтириш мақсадида белгиланган техник параметрларга мос келувчи фильтрлар ўрнатилган. Қайд этилишича, келгусида барча иссиқлик электр станцияларига ёқилғидан чиқаётган зарарли моддаларни 95 фоизгача камайтириб берадиган қўшимча фильтрларни ўрнатиш кўзда тутилган.
“Шу билан бирга, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатда станцияда мазут ёқилиши технологияси ҳамда ундан чиқадиган зарарли моддалар ҳисоб-китоблари келтирилган. Ушбу ҳужжат талабларига кўра, корхонада ҳавога ташланаётган моддалар белгиланган меъёр талабларидан ҳеч қачон ошмаган”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётгани аниқлангани оммага очиқланган 2 февраль куни юқоридаги корхоналарда захира ёқилғисининг максимал сарфи суткасига 5 минг 17 тоннани ташкил этган бўлиб, ўша куни атмосфера ҳавосидаги РМ-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 35,1мкг/м3ни ташкил қилган. Бу эса ЖССТ тавсияларидан 7 баробар юқори эди.
“Бугун соат 16:00 га қадар юқорида қайд этилган корхоналар томонидан 600 тонна мазут ёқилган. Аммо шунга қарамай бугун соат 14:10 ҳолатига кўра, пойтахт ҳавосидаги РМ-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 162 мкг/м3ни ташкил этган. Бу “ўта зарарли” ҳисобланади ва ЖССТ тавсияларидан 32,4 марта кўпроқ. Ушбу миқдор Тошкент жаҳондаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида 3-ўринга чиқишини таъминлаб берди”, дейилади Энергетика вазирлиги баёнотида.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат пойтахт ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг заррача ҳам ҳиссаси йўқлигини, иссиқлик электр станцияларида ушбу ёқилғи Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган меъёрий талаблар асосида ёқилаётганини исботлайди.
Вазирлик биргина Тошкент ИЭСда ҳавога ташланаётган моддалар зарарини камайтириш, экологик мувозанатни сақлаш мақсадида 2023 йил давомида 10 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экилганини билдирди. Таъкидланишича, бу каби ишлар бугун барча ёқилғи-энергетика корхоналари томонидан изчил олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2 февраль куни Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқланган ва ИЭС атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 1 млрд 23 млн сўм (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 759 млн, нефть маҳсулотлари билан ерни ифлослантирганлик учун 264 млн) миқдорида жаримага тортилганди. 6 февралда эса Янги Ангрен ИЭСнинг атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли моддалар белгиланган меъёрларга нисбатан юқори экани аниқланди ва у 1 млрд 3 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.
LiveБарчаси