Тони Блэр Ўзбекистонга эксперт-маслаҳат кўмагини таклиф этди
Жамият
−
12 Ноябрь
4921Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 ноябрь куни Баку шаҳрида Буюк Британиянинг собиқ бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэр билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон-Британия муносабатларини янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, Тони Блэр раҳбарлик қилаётган Глобал ўзгаришлар институти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.
"Собиқ бош вазир Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини юксак баҳолаб, уларни амалга оширишда эксперт-маслаҳат кўмагини таклиф этишга тайёрлигини билдирди", дейилади хабарда.
Институт билан биргаликда транспорт йўлакларини ривожлантириш, янги бозорларга чиқиш, халқаро тўлов тизимларини жорий этиш, инвестиция сиёсати самарадорлигини ошириш ва бошқа соҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилган.
Шунингдек, шерикликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш учун тегишли идоралар экспертлари даражасида қўшимча учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.
Қайд этиш жоиз, Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 12 ноябрь куни Баку шаҳрида COP-29 саммити доирасида қатор учрашувлар ўтказмоқда. У Европа кенгаши Раиси Шарль Мишель, Финляндия Президенти Александр Стубб, Черногория Президенти Яков Милатович, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль-Рено Бассо, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад ал-Жассир, ICESCO бош директори Салим Ал-Малик, Яшил иқлим фонди ижрочи директори Мафальда Дуэрте билан учрашувлар ўтказди. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Польша Президенти Анжей Дуда ва Гвинея-Бисау Президенти Умару Сисоку Эмболо билан ҳам қисқа учрашувлар ўтказди.
LiveБарчаси