“Толибон” жаҳондан ёрдам сўради

Олам

image

Афғонистондаги энг оғир зилзилалардан бири 800 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва камида 2800 кишини ярадор қилди. Бу ҳақда Афғонистондаги расмийларга таяниб, “Reuters” хабар берди.

Қутқарувчилар тоғли ҳудудлар ва ноқулай об-ҳаво шароити туфайли олис жойларга етиб боришга қийналмоқда.  Бу офат хорижий ёрдамнинг кескин қисқариши ва қўшни давлатлар томонидан юз минглаб афғонистонликларни депортация қилиш каби муаммолар билан юзма-юз турган “Толибон” маъмуриятининг ресурсларига янада зарба берди.

Қобулдаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Шарафат Замон тун яримида содир бўлган, магнитудаси 6 бўлган ва 10 км чуқурликда юз берган зилзиланинг вайронагарчиликларини бартараф этиш учун кўмак зарурлигини айтди.

“Бизга ёрдам керак, чунки бу ерда жуда кўп одамлар ҳаётдан кўз юмди, уй-жойлар қулади”, деди у “Reuters” агентлигига.

“Толибон” маъмурияти матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳиднинг айтишича, зилзилада Кунар ва Нангарҳор шарқий вилоятларида 812 киши ҳалок бўлган.

Жалолободдаги Ал-Фалах университети талабаси Зиёул Ҳақ Муҳаммадий уйда ўқиётган пайтда зилзила содир бўлганини айтди. У туришга ҳаракат қилганини, аммо кучли силкиниш уни йиқитганини қўшимча қилди.

“Биз бутун тунни қўрқув ва хавотир ичида ўтказдик, чунки ҳар қандай вақтда яна зилзила содир бўлиши мумкин”, деди у.

Қутқарувчилар Покистон чегараси яқинидаги тоғли ҳудудлардаги мобил алоқа узилган қишлоқларга етиб боришда қийинчиликка дуч келишмоқда. У ерда лойдан қурилган уйлар бутунлай вайрон бўлган.

“Сўнгги 24–48 соат ичида бу ҳудудда кучли ёмғир ёғган. Шунинг учун кўчки хавфи ҳам катта. Шундай экан кўпгина йўллар очиқ эмас”, деди БМТнинг Гуманитар ишлар бўйича мувофиқлаштириш бошқармаси (UNOCHA) ходими Кейт Кэри.

Маълум қилинишича, қутқарувчилар ва маҳаллий ҳокимиятлар сув манбалари ифлосланишининг олдини олиш учун ҳайвонлар жасадларини тезлик билан кўмишга ҳаракат қилмоқда. Ҳокимиятларнинг айтишича, қутқарувчилар олис қишлоқларга етиб бора олмаслиги сабаб қурбонлар сони кўпайиши мумкин.

“Барча жамоаларимиз ёрдамни тезлаштириш учун сафарбар қилинди, тўлиқ қўллаб-қувватлаш таъминланади”, деди соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Абдул Матен Қание.

Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳарбий қутқарув гуруҳлари бутун ҳудуд бўйлаб тарқалди. 40 марта парвоз амалга ошириш орқали 420 нафар жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар олиб чиқилди. Ҳокимиятларнинг айтишича, зилзила Кунарда уч қишлоқни бутунлай вайрон қилди, бошқаларга ҳам катта талафотлар етказди.

Кунарда 610 киши, Нангарҳорда эса 12 киши ҳалок бўлди. Айрим аҳоли вакиллари уй вайроналари ўртасида йиғлаб ўтирди. Бошқалар эса вайрона оқибатида йиғилиб қолган тошларни қўллари ёрдамида қазиб, яраланганларни носилкаларда олиб чиқишган.

“Бу Нурғал туманининг Мазор Дараси. Бутун қишлоқ қулади. Болалар ва кексалар вайрона остида қолган. Бизга тезкор ёрдам керак”, деди жабрланувчилардан бири.

“Бизга тез ёрдам машиналари, шифокорлар керак. Яраланганларни қутқариш ва ҳалок бўлганларни чиқариш учун ҳамма нарса керак”, деди яна бир тирик қолган киши.

Бу – “Толибон” ҳукумати ҳокимиятга келганидан (2021 йил) бери юз берган учинчи йирик зилзила. Хорижий кучлар чиқиб кетгач, давлат молиясининг асосий қисмини ташкил этган халқаро ёрдам ҳам кескин қисқарган. Дипломатлар ва ёрдам ташкилотлари бутун дунёдаги бошқа инқирозлар ҳамда “Толибон”нинг аёлларга нисбатан сиёсатлари (хусусан, аёл гуманитар ходимларга қўйилган чекловлар) сабаб молиявий кўмак қисқарганини айтишмоқда. Гуманитар ёрдам миқдори ҳам 2022 йилдаги 3,8 миллиард доллардан жорий йилда 767 миллион долларгача камайган.

Гуманитар ташкилотлар Афғонистонда “унутилган инқироз” билан курашаётганини айтишмоқда. БМТ маълумотларига кўра, аҳолининг ярмидан кўпи шошилинч ёрдамга муҳтож.

“Ҳозиргача ҳеч бир хорижий давлат қутқарув ёки ёрдам ишларига кўмак таклиф қилмади”, деди “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби.

Кейинроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили мамлакат Афғонистон эҳтиёжларидан келиб чиқиб, имкониятидан келиб чиқиб ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар Қобулга 1000 та оилавий палатка етказилганини, Кунарга эса 15 тонна озиқ-овқат юборилаётганини, эртага, 2 сентябрдан бошлаб яна кўпроқ ёрдам жўнатилишини маълум қилди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Афғонистондаги миссияси зилзиладан жабр кўрган ҳудудларга ёрдам беришга тайёрланаётганини билдирди. Папа Лев ҳам ҳалок бўлганлар учун таъзия билдирди.

Афғонистон Ҳиндуқуш тоғлари ҳудудида жойлашгани учун ҳалокатли зилзилаларга мойил. Бу ерда Ҳиндистон ва Евроосиё плиталари тўқнашади. 2022 йилда 6,1 магнитудали зилзила 1000 кишини ҳалок қилган эди. У “Толибон” ҳукумати юзма-юз келган биринчи йирик табиий офат бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон зилзила “Толибон”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг