“Толибон” етакчиси АҚШ бош разведкачиси билан учрашгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилди
Олам
−
25 Август 2021
10825Аввалроқ, АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс Қобулда “Толибон” ҳаракати сиёсий идораси раҳбари Абдул Ғани Бародар билан махфий учрашув ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
“Толибон” ҳаракати вакили Забиҳулла Мужоҳид АҚШ расмийси билан учрашув ҳақидаги маълумотни тасдиқламади. Бу ҳақда “Shamshad News” телеканали хабар берган.
“Мулла Бародар ва Марказий разведка бошқармаси бошлиғининг учрашувини ҳозирги пайтда тасдиқлаб бўлмайди”, деган Мужоҳид.
Эслатиб ўтамиз, тарқалган хабарларда томонлар 31 август — АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш ва фуқароларни эвакуация қилиш ҳамда афғонларга ёрдам беришни якунлаши керак бўлган кунни муҳокама қилгани айтилганди.
Марказий разведка бошқармаси эса ушбу учрашув юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси