“Толибон” ИШИД жангарилари қаерда яширинганини маълум қилди
Олам
−
30 Март
24493ИШИДнинг афғон қаноти – “Вилояти Хуросон” жангчилари Осиёнинг бир қатор давлатларида яширинмоқда. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари Суҳайл Шаҳин РИА Новостига маълум қилди.
Нашрга вазиятдан хабардор манба теракт уюштирганлар ИШИДнинг афғон қаноти “Вилояти Хуросон”га қарашли “Хуросон овози” Telegram-канали орқали ёлланганини маълум қилган. Унга кўра, ҳозирда ўчириб ташланган канал Афғонистондан “Вилояти Хуросон” террорчилари томонидан назорат қилинган.
“Афғонистонда Хуросоннинг баъзи аъзолари бўлиши мумкин, лекин сиз биласизки, Хуросоннинг аъзолари нафақат Афғонистон, балки Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Марказий Осиёда ҳам бор. Ҳозир улар Афғонистондан ташқарида яширинган ва уларнинг ҳаммаси ҳам Афғонистон фуқароси эмаслигини биласиз”, дейди Шаҳин.
Унинг сўзларига кўра, “Толибон” ўз ҳудудидаги мавжудлигидан бутунлай қутулиш учун унга қарши курашишга бел боғлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 март куни Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл”да теракт уюштиришда гумонланаётганлардан бири 1998 йилда туғилган Шамсуддин Фаридуни сўроқ пайтида Telegram'даги чатлардан бирига ёлланганини тан олганди.
Аввалроқ эса Америка разведкаси Россияни “Исломий давлат” (ИШИД) террорчилик гуруҳи Россия ҳудудида терактлар уюштиришни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирганди.
Терактдан сўнг ИШИД жавобгарликни ўз зиммасига олди. Россия нега АҚШнинг теракт ҳақидаги огоҳлантиришларига эътибор бермагани ҳақидаги таҳлилчиларнинг версияларини батафсил ушбу мақолада келтирилган.
LiveБарчаси