Москвадаги теракт: АҚШ ҳаммасини олдиндан билган
Олам
−
23 Март
21370Америка разведкаси Россияни “Исломий давлат” (ИШИД) террорчилик гуруҳи Россия ҳудудида терактлар уюштиришни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда CNN манбаларга таяниб хабар берди.
Уларнинг маълумотларига кўра, бундай хабарлар 2023 йилнинг ноябрь ойидан бери олинган, бироқ бу АҚШнинг Москвадаги элчихонаси томонидан 7 март куни террорчилик таҳдиди ҳақидаги огоҳлантириш эълон қилинишига асос бўлган-бўлмагани номаълум.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби “Fox News” телеканалига АҚШ элчихонаси огоҳлантириши ва “Крокус Сити Ҳолл” теракти билан қанчалик боғлиқлигини ҳозирча айта олмаслигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Америка томони шу ой бошида Москва ва унинг атрофида теракт содир этилиши эҳтимолидан бироз хавотирда эди.
Гап шундаки, АҚШнинг Москвадаги элчихонаси томонидан жорий йилнинг 7 март куни эълон қилинган огоҳлантиришда элчихона экстремистлар Москвада аҳолининг йирик йиғинларини, жумладан, концертларни нишонга олишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларни кузатаётганини қайд этиб, АҚШ фуқароларига кейинги 48 соат ичида катта йиғилишларда иштирок этмасликни тавсия қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 март куни кечаси Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар отишма бошлади, бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди.
Баъзи маълумотларга кўра, камида уч киши бўлган қуролланган шахслар ўт очган. Айни вақтгача қурбонлар сони 60 дан ошди.
Бинонинг учдан бир қисми ёниб кетган, атрофни қуюқ қора тутун қоплаган. Ўт ўчирувчилар одамларни том орқали олиб чиқишга муваффақ бўлган ва 100 га яқин одам эвакуация қилинган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш қўзғатди.
Ҳозирда терактдан кейин шифохоналарда 110 нафар катталар ва 5 нафар бола ётибди, 60 нафар катталарнинг аҳволи оғир. Бу ҳақда Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев теракт муносабати билан Президент Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги терактни қоралади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси теракт оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди.