“Толибон” устидан 3 ойда ғалаба қозонамиз — Ашраф Ғани

Жамият

image

Афғонистон Президенти уч ой ичида "Толибон" устидан ғалаба қозониб, мамлакатда тинчлик ўрнатишга ваъда берди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани яқин уч ой ичида мамлакатдаги хавфсизлик сезиларли даражада мустаҳкамланишини айтган. У бу ҳақда Афғонистон шимолидаги Балх вилоятининг Мозори Шариф шаҳрига сафари чоғида маълум қилган. 

"Мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ вазият яқин уч ой ичида яхшиланади. "Толибон" устидан ғалаба қозониб, эгаллаб олган барча ҳудудларни қайтариб оламиз", дея ишонч билан таъкидламоқда Ашраф Ғани. 

Маълум қилинишича, Ашраф Ғани Мозори Шарифда фаол фуқаролар, журналистлар ва маҳаллий маъмурият ходимлари билан учрашган. Бўлиб ўтган учрашувда у, "Толибон"ни енгиш учун миллий бирдамлик зарур, дея таъкидлаган. 

Айтиш жоизки, сўнгги ойлар ичида Балх вилоятининг 9 та туманини "Толибон" эгаллаб олди. Шундай бир пайтда кўнгилли аскарлар гуруҳлари вилоят аҳоли пунктларидан радикалларга қарши туриш учун "Толибон" эгаллаб олган жойларга етиб келди.

Балх ҳокими Муҳаммад Фарҳат Азимийнинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари вилоят шимолидаги Ҳайратон портини ҳимоя қилиш режаларини муҳокама қилмоқда. Ушбу порт ва Амударёдаги чегара пости Ўзбекистон билан чегарада жойлашган.

Маълумот ўрнида, Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш 29 апрелда бошланган. АҚШ ва "Толибон" ўртасидаги тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак. 

Америка Президенти Жо Байденнинг Афғонистондаги АҚШ  Қуролли кучлари операцияси якунлангани ва қўшинларни олиб чиқишни режалаштираётгани ҳақидаги баёнотидан сўнг мамлакатдаги вазият кескин ёмонлашди. Ҳозиргача Америка қўшинларининг Афғонистондан 95 фоиздан кўпроғини олиб чиқиб кетди. Шу билан бирга, "Толибон" вакилларига кўра, республика ҳудудининг 85 фоизга яқини, жумладан, беш мамлакат – Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадаги ҳудудлар устидан назорат ўрнатишга муваффақ бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон

Баҳолаганлар

335

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг