“Толибон” тинч аҳолини қириб ташламоқда – БМТ
Олам
−
15 Декабрь 2021 15857 2 дақиқа
БМТ Инсон ҳуқуқлари агентлиги Афғонистоннинг “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган янги ҳукумати халқаро коалиция кучлари билан ҳамкорлик қилган аҳолини таъқиб қилмаслик тўғрисидаги ваъдаларига қарамай, тинч аҳолини қириб ташлаётгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
БМТ маълумотларига кўра, агентлик “Толибон” ҳокимиятга келганидан бери суд ва терговсиз содир этилган 100 дан ортиқ қотилликни исботлаган.
Қурбонларнинг барчаси Афғонистон хавфсизлик кучлари ва собиқ ҳукуматининг ходимларидир. “Human Rights Watch” хайрия ташкилоти ҳисоботига кўра, сўнгги бир неча ҳафта ичида 47 киши ўлдирилган.
“Айрим ҳолларда жасадлар оммага кўрсатилди, бу эса аҳолининг маълум бир гуруҳида қўрқувни кучайтирди”, дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар ўринбосари Нада аль-Нашиф.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Абдул Каҳар Балхий БМТ хулосаларини кескин рад этиб, янги ҳукумат собиқ ҳукуматнинг барча собиқ ходимлари ва уларнинг хорижий иттифоқчиларига амнистия эълон қилгани ва ваъдасини бажараётганини айтган.
“Амнистия тўғрисидаги фармонни бузган ҳар бир шахс жиноий жавобгарликка тортилади ва жазоланади”, дейди ТИВ вакили.
“Толибон” ҳукуматининг матбуот котиби Қори Саййид Хости ҳам агентлик ҳисоботи тасдиқланмаган маълумотларга асосан тайёрланганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, собиқ полиция ходимлари ёки аскарларга нисбатан алоҳида репрессия ҳолатлари рўй берган, бироқ буларнинг барчаси шахсий адовати бўлганларнинг иши.
БМТ йиғилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар ўринбосари, шунингдек Нангарҳор вилоятида ИШИД таркибига кирувчи “Вилоят Хуросон” террорчилик гуруҳига алоқадорликда гумон қилинган ўнлаб одамлар ҳалок бўлганини айтган.
Нада аль-Нашифнинг сўзларига кўра, “Толибон” қотиллик, бошни олиш каби ваҳший ишларни бажармоқда. Жасадлар ҳам узоқ вақт давомида одамлар кўриши учун жамоат жойларида қолдирилади.
Live
Барчаси