“Толибон” Москвада Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда берди
Олам
−
09 Июль 2021
12283“Толибон” ҳаракати сиёсий идораси делегацияси Москвада ўтказилган маслаҳатлашувларда гуруҳ Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмаслигига кафолат берди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилмоқда.
Кеча, 8 июль куни Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов “Толибон” ҳаракати сиёсий идораси делегацияси билан маслаҳатлашув ўтказди. Учрашув давомида Афғонистондаги вазият ва афғонистонаро музокараларни бошлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Россия томони Афғонистоннинг шимолий ҳудудларида кескинлик кучайганидан хавотир билдирди ва унинг мамлакат ташқарисида тарқалишига йўл қўймасликка чақирди. “Толибон”дан гуруҳнинг Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмаслиги бўйича кафолатлар олинди , шунингдек, Афғонистон ҳудудидаги хорижий давлатларнинг дипломатик ва консуллик ваколатхоналари хавфсизлиги кафолатлари ҳам қабул қилигди”, дейилади Россия ТИВ веб-сайтида эълон қилинган хабарда.
Афғонистонда ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида мамлакатнинг муҳим ҳудудлари учун кураш кетмоқда. Афғонистондаги беқарорлик хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши фонида кучаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 11 сентябрига қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.
Қайд этиш керакки, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини Вашингтоннинг “миссия муваффақиятсизлигини” тан олиши, деб ҳисоблашини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.
LiveБарчаси