“Толибон” Маршал Дўстумнинг уйини ёқиб юборди

Олам

image

“Толибон” жангарилари Афғонистон шимолидаги Жузжон провинцияси маркази Шибирғон шаҳрига бостириб кирди. Жанглар давом этмоқда. Бу ҳақда “Tolo News” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, толиблар Афғонистондаги энг обрўли шахслардан бири асли ўзбек Маршал Абдул Рашид Дўстумнинг ушбу шаҳарда жойлашган уйини ёқиб юборган.

Ўз навбатида, маҳаллий амалдор “Синьхуа” ахборот агентлигига жангарилар шаҳарга киргани ҳамда жанглар давом этаётганини тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, Маршал Абдул Рашид Дўстум жорий йилнинг 4 август куни Ағонистонга қайтиб келганди. У бунга қадар қандли диабет хасталиги туфайли коронавирусдан қийналиб, профессионал даволанишга эҳтиёж сезган ва шу туфайли Афғонистонни тарк этгани айтилганди. Бундан ташқари, ОАВда Маршал Дўстумнинг “Толибон”га қарши жангларда яралангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида ҳарбий ҳаракатлар кетяпти. Кимнинг қўли баланд келиши борасида бир аниқ башорат бериш қийин. Чунки Ўзбекистоннинг жанубий қўшнисидан ҳар куни турли хил хабарлар келмоқда. 

Бир сафар толиблар Афғонистоннинг бирор туманини эгаллагани айтилса, бошқа сафар ҳукумат кучлари ҳаракат аъзоларининг бир қанча жангариларини йўқ қилганини айтмоқда. Жумладан, Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бир суткада “Толибон” ҳаракатининг бир қанча жангарасини йўқ қилгани ҳақида хабар берган бўлса, июль ойи охирида ҳаракатнинг бир неча қўмондонлари ҳибсга олингани айтилганди. Шу ўринда, мамлакатни тарк этаётган АҚШнинг уринишларини эсдан чиқармаслик керак. Америка Ҳаво кучлари бир неча марта толибларни ҳаводан ўққа тутиб, “Толибон”ни фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб бормасликка чақирди.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1272

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг