“Толибон” лидерлари ўртасидаги зиддиятлар бўйича изоҳ берилди
Олам
−
16 Сентябрь 2021
15317“Толибон” ҳаракати сиёсий идораси аъзоси Анас Ҳаққоний Бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Бародар ва Қочқинлар масалалари бўйича вазир Халил Раҳмон Ҳаққоний ўртасида жиддий низо чиққани ҳақидаги хабарларни ҳақиқатга тўғри келмайди, деб атади. Бу ҳақда “Спутник” нашри “Kabul News”га таяниб ёзмоқда.
Анас Ҳаққонийнинг айтишича, “Толибон” ичида низо чиққани ҳақидаги хабарлар ҳаракат душманларининг ташвиқот ишидир. У Афғонистонда янги тузилган муваққат ҳукумат таркибиди Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сирожиддин Ҳаққонийнинг укасидир. Улар “Ҳаққоний тармоғи”нинг асосий фигураларидан ҳисобланади. “Al Ahbar” газетаси эксперти Ферзад Рамданийга кўра, ушбу тармоқ Покистон разведкаси билан кучли боғланган.
Эслатиб ўтамиз, BBC нашри Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” раҳбарлари ўртасида жиддий зиддият бошлангани ҳақида ўз манбаларига таяниб, хабар берганди.
Тахминан бир ҳафтача олдин Президент саройида бўлиб ўтган учрашувда “Толибон” асосчиларидан бири Абдул Ғани Бародар “Ҳаққоний” тармоғининг таниқли вакили Халил Раҳмон Ҳаққоний билан жанжаллашган. Можарода ҳар бир томоннинг тарафдорлари ҳам қатнашган. Баҳсга Бародарнинг янги ҳукумат тузилмасидан норозилиги сабаб бўлган.
Зиддиятнинг асл илдизи “Толибон” ғалабасининг асосий “меъмори” ким, деган саволга бориб тақалади. Бародарнинг фикрича, “Толибон”нинг ҳокимият тепасига келиши музокаралар ва дипломатия билан шуғулланганларнинг, яъни унга ўхшаш одамларнинг хизматидир. Шу билан бирга, “Ҳаққоний тармоғи”нинг юқори мартабали аъзолари ҳамма нарсани уларнинг ҳарбий ютуқлари ҳал қилган, деб ҳисоблайди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 15 август куни мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукумат тузди.
LiveБарчаси