“Толибон” Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” форумида қатнашади – “Reuters”
Олам
−
15 Октябрь 2023
4690“Толибон” келаси ҳафта Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” форумида иштирок этади. Бу ҳақда “Толибон” муваққат ҳукумати матбуот котиби Охундзода Абдул Салом Жавадга таяниб, “Reuters” хабар берди.
“Толибон” савдо ва саноат вазири вазифасини бажарувчи Ҳожи Нуруддин Азизий яқин кунларда Пекинга боради”, деган матбуот котиби.
Унинг айтишича, Азизий Афғонистонга йирик инвесторларни таклиф қилиши кутилмоқда. Шунингдек, “Толибон” вакили Пекин билан расмий алоқалари кучайиб бораётганини ҳам таъкидлаган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг май ойида Хитой, “Толибон” ва қўшни Покистон расмийлари “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига Афғонистонни ҳам киритиш истаги борлигини билдирганди.
Маълумки, ҳеч бир давлат томонидан расмий тан олинмаган “Толибон” расмийлари ва вазирлари, асосан, Афғонистонга бағишланган минтақавий йиғилишларда иштирок этиб келмоқда. “Бир макон, бир йўл” форуми эса “Толибон” таклиф қилинган энг нуфузли кўп томонлама саммитлардан биридир.
Жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Пекинда бўлиб ўтадиган форум глобал савдони ривожлантириш учун қадимги Ипак йўлини қайта тиклаш сифатида эътироф этилган улкан глобал инфратузилма ва энергетика ташаббусининг 10 йиллигига бағишланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур форумга Франция Президенти Эммануэль Макрон, Германия канслери Олаф Шольц ва Италия Бош вазири Жоржия Мелони таклиф қилинмагани айтилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь