“Толибон”га қаршилар ҳам, унинг тарафдорлари ҳам етарлича. Афғонистонда фуқаролик уруши муқаррарми?
Олам
−
22 Июль 2021
8032Ўтган асрнинг 80-йиллар охири ва 90-йиллар бошида СССР Афғонистонни тарк этгач, расмий Қобулдаги коммунистик ҳукуматни қўллаб-қувватлаш тўхтаб қолган. Бу эса Афғонистонда фуқаролар уруши бўлиб ўтишига олиб келган. Мана энди АҚШ ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Мамлакатда фуқаролар уруши билан боғлиқ сценарий такрорланиши мумкинми?
Ушбу саволга Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдуллоҳ Моҳиб қуйидагича жавоб берди:
“Агар толиблар ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга ҳаракат қилса, халқ қаршилик кўрсатади. Буни биз, аллақачон, толиблар назорат ўрнатаётган кўплаб жойларда кўрмоқдамиз. Албатта, бундай қаршилик ўзларининг кун тартибига эга бўлган кўнгилли аскарлар гуруҳини шакллантириши мумкин, бу эса фуқаролар урушига олиб келади. “Толибон” ўзининг Афғонистон жамиятидаги ўрни тўғрисида музокара олиб бориш имкониятига эга. Уларнинг тарафдорлари борлигини ҳеч ким инкор этмайди. Шундай экан бошқалар қаторида “Толибон” ҳам қонуний сиёсий куч бўлиш ҳуқуқига эга. Улар даъво қила олмайдиган нарса — бу монополия. Қараш ва қадриятлар нормал сиёсий курашда ҳимоя қилиниши керак”.
Маълумот ўрнида, Афғонистонда 1989-1992–йилларда фуқаролик уруши бўлиб ўтган. Бу уруш СССР ҳарбий кучлари Афғонистонни тарк этгач бошланган. Уруш бир томондан СССР қўллаб-қувватловидаги Муҳаммад Нажибулло бошчилигидаги Афғонистон ҳукумати, иккинчи томондан эса АҚШ ва Покистондан мунтазам ёрдам олган мужоҳидлар ўртасида бўлган. СССР қулагач, расмий Москвадан Муҳаммад Нажибулло бошчилигидаги Афғонистон ҳукуматига келаётган ёрдам ҳам тўхтаган, оқибатда расмий Қобул қулаган.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси