“Толибон” фаоллашуви ортидан Афғонистонда тинч аҳолининг ўлими рекорд даражага етди

Олам

image

Сўнгги олти ой давомида Афғонистонда жанговар ҳаракатларнинг кучайиши оқибатида 1600 дан зиёд тинч аҳоли ҳалок бўлди ва 3254 киши турли даражадаги тан жароҳати олди. Бу ҳақда Кобулда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу мамлакатдаги миссияси (UNAMA) томонидан тарқатилган хабарда айтилган. 

“2021 йилнинг биринчи ярмида Афғонистонда жароҳат олган тинч аҳоли сони рекорд даражага етди, шу жумладан май ойидан эътиборан халқаро қўшинлар олиб чиқила бошлангандан ва “Толибон” ҳужумга ўтгандан бери қотиллик ва жароҳатлар кескин ошди. Бу эса жанговар ҳаракатларнинг кучайишига олиб келди. 2021 йилнинг биринчи ярмида 1 659 қотиллик содир бўлган ва 3 254 нафар тинч аҳоли яраланган, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 47 фоизга кўп”, дейилган хабарда. 

UNAMA’га кўра, 1 майдан бери ҳалок бўлган ва яраланган тинч аҳоли сонининг кескин кўпайиши жиддий хавотирга сабаб бўлмоқда. 

“Мен “Толибон” ва Афғонистон раҳбарларини можаронинг даҳшатли траекториясига ва унинг тинч аҳолига ҳалокатли таъсирига эътибор беришга чақираман”, деган UNAMA раҳбари, БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Дебора Лайонс. 

UNAMA зўравонликда биринчи навбатда ҳукуматга қарши кучлар, “Толибон” ва “Ислом давлати” гуруҳини айблаган. Унга кўра, жавобгарликнинг қолган қисми Афғонистондаги армия, хавфсизлик кучлари ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи кучларга тегишли. 

Маълумот ўрнида, шунга ўхшаш ҳисоботлар 2009 йилдан бери тузилиб келинмоқда. UNAMA “Толибон” ва ҳукуматни “музокаралар столи олдидаги ҳаракатларни кучайтиришга, афғонлар ўртасидаги қарама-қаршиликни тўхтатишга, афғон халқини ҳимоя қилишга ва уларга яхши келажакка умид беришга” чақирган.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

88

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг