“Толибон” Афғонистонда хорижий валютадан фойдаланишни тақиқлади 

Олам

image
0:00
0:00
download

Афғонистонда ҳокимият тепасига келган “Толибон” ҳаракати оғир иқтисодий вазият туфайли мамлакатда муомалада бўлган хорижий валютадан фойдаланишни тақиқлади. Бу ҳақда ҳаракат вакили Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди.  

“Мамлакатдаги иқтисодий вазият ва миллий манфаатлар барча афғонлар фақат Афғонистон валютасидан фойдаланишини талаб қилади. Ислом Амирлиги барча фуқаролар, дўкон эгалари ва тадбиркорларга молиявий операцияларда Афғонистон валютасидан фойдаланишда давом этишни ва чет эл валютасидан воз кечишни буюради”, деб хабар берган Мужоҳид. 

Ҳокимият қарорига кўра, қоидабузарлар жавобгарликка тортилади. 

“Толибон” Қобул устидан назорат ўрнатгач, АҚШ кўрсатмаси билан Ғарб банклари Афғонистоннинг хорижий активларини “музлатиб қўйди”, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатди. Ўшанда Афғонистон Давлат банкининг активлари хорижий валютада 9 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 7 миллиард доллардан ортиғи АҚШ банкларида бўлган. 

“Толибон” вакили Суҳайл Шоҳиннинг маълум қилишича, мамлакатнинг янги расмийлари Қўшма Штатларни Афғонистоннинг хорижий активларини музлатиб қўйишга чақирган, чунки бу маблағлар аҳолига инсонпарварлик ёрдами учун зарур.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ тарихида энг узоқ – 20 йил давом этган ҳарбий операция жорий йилининг 31 август куни якунланди. Бу билан бирга Афғонистондан АҚШ ҳарбийлари ва фуқароларини эвакуация қилиш ҳам ниҳоясига етди. Аҳамиятлиси, америкаликлар мамлакатни тарк этишга улгурмасидан жорий йилнинг 15 август куни "Толибон" ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади.

Маълумот ўринда, 2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинлари олиб чиқиб кетилди. Бироқ, 20 йил давомида тўпланган ҳарбий техниканинг катта қисми ушбу давлатда қолиб кетди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон валюта

Баҳолаганлар

75

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг