“Толибон” Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзайнинг қўриқчилари қуролсизлантирди
Олам
−
25 Август 2021
13440“Толибон” Афғонистон Миллий ярашув Олий Кенгаши раиси Абдулла Абдулла ва собиқ Президент Ҳамид Карзайнинг тан соқчиларини қуролсизлантирди. Ушбу ҳолат айрим оммавий ахборот воситалари томонидан Абдулла Абдуллага нисбатан ҳақорат сифатида баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, “Толибон” Абдулла Абдулланинг барча тан соқчиларини қуролсизлантириб, унинг ҳаёти хавф остида эмаслигига ва Қобулнинг Парвон суд туманидаги уйи яқинида ҳаракат жангарилари уни ҳимоя қилишига ишонтирган.
Маълум қилинишича, “Толибон” Қобулни эгаллашнинг иккинчи кунида собиқ Президент Ҳамид Карзайнинг тан соқчиларини қуролсизлантириб, уни оиласи билан Абдулла Абдулланинг уйига олиб кетган ва улар ҳамон ўша ерда қолмоқда.
“Ҳозиргача Абдулла Абдулланинг уйига ҳеч ким келмади. Бироқ, ўтган куни келиб, унинг барча тан соқчиларини қуролсизлантиришди ва фақат бир-иккита соқчини қолдиришди. Унинг уйи атрофидаги хавфсизлик назорат пунктларидаги қўриқчилар ҳам олиб ташланди", дейилади хабарда.
“Толибон”нинг расмий манбалари ҳозирча бу масала юзасидан маълумот бермаган.
“Толибон” Қобулни қўлга олгач, Абдулла Абдулла, Ҳамид Карзай ва Гулбеддин Ҳикматиёр ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш тузишни маълум қилган ва “Толибон” раҳбарлари билан ҳар томонлама (инклюзив) ҳукумат тузиш борасида музокара олиб борган.
Ҳозиргача Абдулла ва “Толибон” етакчилари ўртасидаги бир неча учрашувлар ўтказилганига қарамай, музокаралар кутилган натижалар бермаган.
LiveБарчаси