Токиода ҳукмрон партия штаб-квартирасига ҳужум уюштирилди

Олам

image

Бугун, 19 октябрь куни 49 ёшли эркак Япония Либерал-демократик партияси штаб-квартирасига ёнувчи модда солинган бир нечта шишани (молотов коктейли) улоқтирди. Бу ҳақда “News Web” нашри хабар берди.

Токио полиция департаменти маълумотларига кўра, эркак микроавтобусни бино ёнига олиб борган ва кейин беш-олтита шишани бинога улоқтирган. Отилган нарсаларнинг бир қисми Либерал-демократик партия штаб-квартираси ҳудудига тушиб, ОАВ машиналарига келиб урилган. Бироқ тез орада ёнғин ўчирилган ва ҳеч ким жабрланмаган. Шундан сўнг у тахминан 500 метр наридаги Бош вазирлик биносига бориб, қароргоҳ панжарасини бузиб ўтмоқчи бўлган ва тутунли бомбага ўхшаш нарсани улоқтирган.

Босқинчи воқеа жойининг ўзида полиция томонидан ҳибсга олинган. Ҳозирда у бу ишни нима сабабдан уюштиргани аниқланмоқда.

“Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган”, дейилади хабарда.

Нашрга кўра, ҳукмрон партия штаб-квартирасига ҳужум парламент сайловларига саккиз кун қолганида содир этилган. Сайловлар Либерал-демократик партиядаги коррупция можаролари ва унинг раҳбари ўзгариши фонида эртароқ ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Япония Бош вазири Сигэру Исиба 9 октябрь куни Вакиллар палатасини тарқатиб юборганди.  Парламентни тарқатиб юбориш 27 октябрда умумий сайлов ўтказиш учун замин яратади. 465 аъзоли қуйи палатанинг тарқатилиши Исибанинг лавозимга киришганидан атиги саккиз кун ўтиб содир бўлган ва бу урушдан кейинги Японияда энг тезкор шундай ҳолат сифатида қайд этилган. Бу орқали у мухолифатнинг сўнгги дақиқаларда уни тўхтатишга бўлган ҳаракатларини йўққа чиқарган. Мухолифат Бош вазирнинг ноқулай қароридан норози бўлган ва ҳукуматга қарши ишончсизлик вотуми киритган.


Мақола муаллифи

Теглар

Токио ҳужум ҳукмрон партия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг