Токио-2020: вазирлик Ўзбекистон байроқдорлари ўзгарганига муносабат билдирди
Спорт
−
23 Июль 2021
10501Аввалроқ, Токио Олимпиадаси очилиши маросими вақтида Ўзбекистон делегациясининг байроқ кўтарадиган спортчилари сўнгги паллада ўзгаргани ҳақида хабар берган эдик. Туризим ва спорт вазирлиги Олимпиада делегацияси байроқдорлари ўзгариши билан боғлиқ масалага ойдинлик киритди.
Маълум қилинишича, эртага, 24 июль куни Бобоусмон Ботуров рингга чиқиши керак. Хавфсизлик нуқтаи назаридан очилиш маросимида иштирок этадиган ҳар бир киши тадбирдан бир неча соат олдин стадионга етиб бориши, маросим давомида тик оёқда туриши, текширувлардан ўтиши лозим. Бу эса спортчиларни “уринтириб” қўйиши табиий. Шуни инобатга олган ҳолда делегацияси раҳбарияти байроқдорларни ўзгартиришга қарор қилган. Бобоусмоннинг ўрнини бокс бўйича Жаҳон ва Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов эгаллаган.
Ўз навбатида 25 июль куни баҳсларга киришадиган Оксана Чусовитина ҳам ўзининг сўнгги Олимпиадасига жиддий ҳозирлик кўриш мақсадида ўз ўрнини бўшатган ва спорт гимнастикаси афсонаси таэквондо бўйича Осиё чемпиони Нигора Турсунқуловага алмаштирилган.
Маълумки, коронавирус пандемияси сабаб ушбу мусобақа 1 йилга кечиктирилган эди. Бугун бўлиб ўтадиган маросимда иштирокчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қатнашчиларнинг сонига ҳам чекловлар қўйилган. Жумладан, фахрий меҳмонлар ва расмийларнинг сони 950 нафардан ошмаслиги кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида, ХХХII ёзги Олимпия ўйинлари 8 августга қадар бўлиб ўтади.