Токио-2020: дастлабки кун Ўзбекистон спортчилари учун омадсиз ўтмоқда
Спорт
−
24 Июль 2021
17586Бугун, 24 июль кунидан XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг мусобақалари бошланди. Кун давомида бир қанча ўзбекистонлик спортчилар мусобақаларда иштирок этди.
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин ҳиндистонлик Сумит Нагалга қарши кечган биринчи сетда 4:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Иккинчи сетни эса тай-брекда ўз фойдасига ҳал қилишга муваффақ бўлди. Учрашув давомида 2:4 ҳисобида ортда қолаётган Истомин ҳиндистонлик рақиби Сумит Нагални тай-брекда 7:6(7:3) ҳисобида енгишга муваффақ бўлди.
Бу билан Истомин сетлар бўйича ҳисобни тенглаштирди - 1:1.
Дзюдо бўйича -60 кг вазн тоифасида иштирок этаётган жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори Шарофиддин Лутфуллаев мусобақанинг иккинчи даврасидаёқ имкониятни бой берди. У украиналик Артём Лесьюк қаршилигини енга олмади. Рио Олимпиадасида ушбу вазнда Диёрбек Ўрозбоев, Лондон ва Пекин Олимпиадаларида эса Ришод Собиров бронза медални қўлга киритган эди.
Велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муроджон Холмуродов шоссе йўналишида 234 километр масофага ўтказиладиган баҳсларда ўз юришини бошлади. Унда 130 нафар велоспортчи медаллар учун кураш олиб боради.
Қиличбозлик бўйича баҳсларда иштирок этаётган Шерзод Мамутов ва Малика Ҳакимова илк босқичда ўз уринишларини якунлади. Шерзод Мамутов руминиялик Юлиан Теодосиуга 11:15 ҳисобида, Малика Ҳакимова эса хитойлик Йивен Сунга 10:15 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўқ отиш спорти бўйича иштирок этган Мухтасар Тоҳирова умумий ҳисобда 622.2 очко тўплади ва 33-ўринни эгаллаб, ўз иштирокини якунлади.
Собиржон Сафаралиев ва Шахбоз Холмурзаев 2000 метрга эшкак эшиш баҳсларида 6 терма жамоа ичида 4-натижани қайд этди. Ушбу “пойга”да Германия терма жамоаси маррага биринчи бўлиб келди. Ўзбекистонлик спортчилар энди ўтиш баҳсларида иштирок этади. Имконият сақланиб турибди.
Шунингдек, бокс бўйича терма жамоа аъзоси Шаҳноза Юнусовага польшалик Каролина Косевска рақиблик қилди. Тажрибали боксчига қарши муносиб жанг ўтказган Юнусова якунда ҳакамларнинг қарори билан имкониятни бой берди.
Яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи ўз уринишларини бошлаш арафасида.
Санжар Турсунов - бокс - 10:15
Расулжон Абдураҳимов - спорт гимнастикаси - 15:30