Тоғли Қорабоғ. Саробга айланган давлатчилик ҳаваси

Таҳлил

image

2023 йил 28 сентябрда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси Президенти Самвел Шаҳраманян тузилма фаолиятини 2024 йил 1 январдан тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Аҳолига Баку таклиф қилган реинтеграция шартларини кўриб чиқиш ва Республика таркибида қолиш имконияти тўғрисида мустақил қарор қабул қилиш буюрилди. Ушбу мақолада Қорабоғнинг тарихи, СССР даврида автоном вилоятга айлантирилиши, ўтган асрнинг 90 йилларидаги Кавказортида содир бўлган можаро, 2020 йилдаги қуролли тўқнашув ва 2023 йилдаги Озарбайжоннинг “аксилтеррор операция”си ҳақида сўз юритамиз.

Қорабоғ тарихи

Милоддан аввалги II аср бошларидан ҳозирги Қорабоғ ҳудуди  Буюк Арманистон давлати таркибига кирган. Милодий 822 йилда ҳудуд мустақил Хачен Арман Князлиги таркибига киритилган, ҳудуд аҳолиси 22 йилдан сўнг ўзини Арманистон қироли деб эълон қилган Ашот I Багратунининг ҳокимиятини тан олди. 1045 йилда марказлашган арман давлатчилиги йўқолганидан кейин ҳам Хачен князлигида этник арманлар ҳукмронлиги сақланиб қолинди. XVI-XVII асрларда Хачен князлиги ўз мустақиллигини йўқотган, XVIII аср ўрталарида унинг ҳудудлари Қорабоғ хонлиги таркибига кирган. Натижада арман аҳолисининг салмоқли қисми ҳудудни тарк этган.

XIX аср бошларида 1804-1813 йиллардаги рус-форс уруши натижасида Қорабоғ хонлиги Россия таркибига киритилди. Минтақадаги Россия ҳукмронлиги 1805 йилги Курекчай ва 1813 йилги Гулистон тинчлик шартномалари билан мустаҳкамлаб қўйилди. Шундан сўнг Қорабоғда яшаган мусулмонларнинг бир қисми Эронга кўчиб кетди. Айни пайтда арман оилалари Эрондан собиқ хонлик ерларига, шунингдек, собиқ Нахчивон ва Ерэван хонликлари ҳудудларига қайтиб келдилар.

1822 йилда Қорабоғ хонлиги Россия империясининг шу номдаги вилоятига, 1840 йилда эса Каспий вилоятининг Шуша туманига айлантирилди. 1846 йилда округ Шемаха (1859 йилдан Баку), 1867 йилдан Елизаветпол вилояти таркибига кирди.

1917 йилда монархия ағдарилгандан сўнг Қорабоғ Кавказорти комиссарлиги тасарруфида бўлиб, миллатлараро кенгаш томонидан бошқариладиган амалда мустақил вилоят бўлиб қолди. 1918 йилда Кавказортида собиқ Баку ва Елизаветпол вилоятлари ҳудудига даъвогарлик қилган мустақил Озарбайжон Демократик Республикаси эълон қилинди. 1919 йилда Қорабоғ арманлари конгресси Озарбайжоннинг минтақадаги юрисдикциясини тан олди. 1920 йил май ойида Озарбайжонда Совет ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг, Қорабоғ Қизил Армия бўлинмалари томонидан босиб олинди.

1921 йил 4 июлда Россия Коммунистик Партияси (большевик) Марказий қўмитасининг Кавказ бюроси Қорабоғ ҳудудини Арманистонга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бироқ эртаси куни, 5 июлда бюро пленуми “мусулмонлар ва арманлар ўртасида миллий тинчлик зарурлигидан келиб чиқиб”, Қорабоғни Озарбайжон ССР тасарруфида қолдиришни эълон қилди. Вилоят маркази Шуша шаҳри бўлган ҳолда минтақа кенг мухторият ҳуқуқига эга бўлди. 1923 йилда маркази Хонкенди (арманча номи Степанакерт) бўлган Тоғли Қорабоғ автоном вилояти ташкил этилди. 1937 йилда автоном вилоят Озарбайжон ССРнинг Тоғли Қорабоғ автоном вилоятига айлантирилди.

1926 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Қорабоғ аҳолиси орасида арманларнинг улуши 94% бўлса, 1989 йилдаги бу кўрсаткич 77%ни ташкил этган.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг эълон қилиниши ва 1991-1994 йиллардаги можаро

Совет даврида Арманистон раҳбарияти Қорабоғни ўз юрисдикциясига ўтказиш масаласини бир неча бор кўтарган, бироқ иттифоқ бу талабни бажаришдан бош тортган эди. Қорабоғнинг арман аҳолиси ҳам Арманистонга қўшилиш тарафдори бўлган. 1980 йилларнинг охирида, қайта қуриш даврида, миллий ҳаракатларнинг кескин кучайиши фонида Баку ва Ереван ўртасидаги зиддият кескинлашди. 1987 йилда Қорабоғда Арманистон билан бирлашиш учун аҳолидан имзо йиғиш кампанияси бошланди. 1988 йил бошида Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (СИКП) Марказий Қўмитасига 75 минг имзо келиб тушди, бу Озарбайжон ССР ҳокимиятининг ўта салбий муносабатига сабаб бўлди.

1988 йил 20 февралда Қорабоғдаги автоном вилоят кенгаши СССР, Озарбайжон ва Арманистон иттифоқ республикалари Олий Кенгашларига минтақани Арманистонга бериш масаласини кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилди. Совет раҳбарияти бу илтимосни миллатчиликнинг кўриниши сифатида баҳолади. Бироқ шунга қарамай, 1988 йил 12 июлда Қорабоғ вилоят кенгаши Озарбайжон таркибидан чиқишини эълон қилди. Бунга жавобан 18 июль куни СССР Олий Кенгаши Президиуми Тоғли Қорабоғ автоном вилоятини Арманистонга бериш мумкин эмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

1988 йил сентябрь ойидан бошлаб арманлар ва озарлар ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди. 1989 йил январь ойида СССР Қуролли Кучлари Президиумининг қарори билан вилоятда совет раҳбариятининг бевосита назорати жорий этилди. 1989 йил 1 декабрда Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғ автоном вилояти кенгашлари республика ҳамда минтақани "қайта бирлаштириш" тўғрисида қарор қабул қилди. Бироқ, СССР Олий Кенгаши Президиуми 1990 йил январь ойида бу қарорни конституцияга зид деб эълон қилди.

1990 йил бошида Арманистон-Озарбайжон чегарасида артиллериядан фойдаланиш билан жанглар бошланди. 1990 йил 15 январда Иттифоқ ҳукумати Тоғли Қорабоғ автоном округи ва унинг атрофидаги ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилди. 1991 йил август ойидаги “суверенитетлар паради” ва янги суверен давлатларнинг ташкил топиши даврида Қорабоғ де-юре мустақил Озарбайжон Республикаси таркибига кирди. 1991 йил 2 сентябрда вилоят кенгаши ва Шаумяновск туман кенгашининг қўшма мажлисида СССР таркибида Тоғли Қорабоғ Республикаси эълон қилинди. Унинг таркибига СССР пайти тузилган Тоғли Қорабоғ автоном вилояти, Шаумяновск тумани ва кейинчалик Озарбайжондаги Хонлар вилоятининг бир қисми кирган. 1991 йил 10 декабрда Тоғли Қорабоғ Республикаси мақоми тўғрисидаги референдумда иштирокчиларнинг 99,98 фоизи минтақа мустақиллиги тарафдори бўлган, бироқ на Совет раҳбарияти, на жаҳон ҳамжамияти сайлов натижаларини тан олди. 1992 йил 6 январда эса Тоғли Қорабоғ Республикаси Олий Кенгаши “Тоғли Қорабоғ Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида”ги декларацияни қабул қилди.

Қорабоғнинг мустақиллиги эълон қилиниши Арманистон ва Озарбайжон ўртасида минтақани назорат қилиш учун очиқ қуролли қарама-қаршиликнинг бошланиши эди. Можаро постсовет ҳудудидаги биринчи йирик қуролли қарама-қаршиликка айланди.

Шундан кейин кенг кўламли ҳужум операциялари амалга оширилиб, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси мудофаа кучлари минтақа устидан деярли тўлиқ назорат ўрнатди (собиқ автоном вилоят ҳудудининг 92,5 фоизи), шунингдек, Озарбайжоннинг етти чегарадош вилоятини тўлиқ ёки қисман эгаллаб олди. Озарбайжон ҳудудларида этник тозалашни амалга оширди, минглаб озарлар Баку томон қочди, кўплари ўлдирилди, бешикда ётган болалар йўқ қилинди, Озарбайжон тарихи оёқости қилиниб, масжидлар чўчқахонага айлантирилди. Ўз навбатида, Озарбайжон тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг Мартуни, Мартакерт ва Шаумян вилоятларининг бир қисми устидан назоратни сақлаб қолди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, можаро пайтида Озарбайжон томонининг йўқотишлари 4 мингдан 11 минггача, арман томониники 5 мингдан 6 минггача бўлган.

1994 йил 5 май куни тўқнашув зонасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим – Бишкек протоколи ва 1994 йил 9 май куни муддатсиз ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим имзоланганидан кейин жанглар тўхтатилди.

1994 йилдан кейинги минтақадаги вазият

Кейинги йилларда минтақа БМТга аъзо бирорта давлат томонидан тан олинмаган, эълон қилинган республика бўлиб қолди.

Можарони ҳал қилишнинг сиёсий жараёни, жумладан, ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида (1992 йилдан бери; Россия, АҚШ ва Франция) ўз самарасини бермади. Томонлар бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айблади ва чегарада ўқотар қуроллардан фойдаланиш билан боғлиқ маҳаллий ҳодисалар содир бўлди. Ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олиш тўғрисидаги баёнотларга қарамай, вақти-вақти билан тўқнашув зонасида йирик қуролли тўқнашувлар содир бўлиб турди. 

2022 йил 6 октябрь куни Прагада Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель ҳамда Франция Президенти Эммануэль Макрон иштирокидаги учрашув якунлари бўйича Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўз мамлакатлари БМТ Низоми ва Олмаота декларациясига содиқлигини тасдиқладилар. Бу орқали ҳар икки томон бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олишларини билдирди. Унга кўра, Арманистон Қорабоғни ўз ичига оладиган 86,6 минг kv.km’дан иборат Озарбайжон ҳудудини ва Озарбайжон 29,8 минг кв кмдан иборат Арманистон ҳудудини тан олади). Бундан ташқари, улар Европа Иттифоқининг фуқаролик миссиясини Арманистон ва Озарбайжон чегарасига таклиф қилишга келишиб олди.

2023 йил 17 май куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян минтақадаги арман аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш шарти билан Европа кенгашининг Рейкявикдаги саммитида Арманистон Озарбайжоннинг 86,6 минг квадрат метр майдондаги суверенитетини тан олишини тасдиқлади.

2020 йилда можаронинг кескинлашиши ва уни ҳал қилиш

2020 йилда минтақадаги вазият кескин ёмонлашди. Июль ойида бошланган қуролли тўқнашувлар сентябрь ойига келиб Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий техникалар ишлатиладиган кенг кўламли жанговар ҳаракатларга айланган. Озарбайжон маълумотларига кўра, жангларда мамлакат қуролли кучларининг 3 мингга яқин ҳарбий хизматчиси ва 100 нафар тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган. Арманистон томонига кўра, қуролли тўқнашувлар давомида 4 мингга яқин одам қурбон бўлган.

44 кун давом этган Қорабоғ урушида Озарбайжоннинг қўли Туркия томонидан кўрсатилган ҳарбий ёрдам эвазига ҳам баланд келди. 

2020 йил 9 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Қорабоғда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва барча ҳарбий ҳаракатлар тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолаганидан сўнг можаро тўхтатилди. Озарбайжон ва Арманистон томонлари ўз позицияларида қолди, Россия тинчликпарвар кучлари эса минтақага жойлаштирилди. Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси атрофидаги бир қатор вилоятлар, жумладан Калбажар, Ағдам ва Лочин Баку назоратига ўтди.

Келишув жараёнининг давоми сифатида 2021 йил 11 январь куни Москвада Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари янги қўшма баёнотни имзолади. Унда, хусусан, минтақадаги барча иқтисодий ва транспорт коммуникацияларини блокдан чиқариш назарда тутилган. 2021 йил 26 ноябрь куни Сочида уч давлат раҳбарлари Озарбайжон-Арманистон чегарасида барқарорлик ва хавфсизлик чораларини кўришга келишиб олдилар ҳамда кейинчалик демаркация қилиш билан чегарани делимитация қилиш бўйича икки томонлама комиссия тузиш зарурлигини таъкидладилар.

2022 йилда Ереван ва Баку ҳам тинчлик битимини тузишга келишиб олди. 2022 йилнинг 6 апрелида Брюсселда Илҳом Алиев ва Никол Пашинян Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель воситачилигида учрашув ўтказди ва шундан сўнг улар ўз мамлакатлари ташқи ишлар вазирларига тинчлик шартномаси бўйича музокараларга тайёргарлик кўришни бошлашни топширдилар. Бироқ, ҳужжат лойиҳаси ҳеч қачон келишилмаган.

Шунга қарамай, минтақадаги вазият оғирлигича қолди. 2022 йил 13-14 сентябрь кунлари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасида артиллерия ва йирик калибрли қуроллардан фойдаланган ҳолда яна йирик қуролли тўқнашув юз берди. Томонлар вазиятнинг кескинлашувида бир-бирини айблади.

2023 йил сентябрь ойида Озарбайжоннинг ҳарбий ҳаракатлари

2023 йил сентябрь ойи бошида томонлар яна бир-бирини вазиятни кескинлаштиришда ва сулҳни бузишда айблади. 2023 йил 19 сентябрда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “маҳаллий антитеррор чоралари” бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади ва Қорабоғда арман қуролли кучлари йўқлигини таъкидлади. Москва ва Вашингтон, жумладан Париж низолашаётган томонларни зиддиятни тўхтатишга ва дипломатик келишувга қайтишга чақирди. Шу билан бирга, Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков де-юре Озарбайжон ўзининг халқаро миқёсда тан олинган ҳудуди доирасида иш олиб бораётганини, чунки Арманистон томони Қорабоғни Озарбайжоннинг ажралмас қисми сифатида тан олганини таъкидлади. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса томонларни ўт очишни тўхтатишга, музокаралар столига қайтишга чақираркан, икки давлат суверенитетини ҳурмат қилишини билдирди ва Арманистонни қўллашини қўшимча қилди.

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса ўша кунларда Нью-Йоркда ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги чиқишида Озарбайжон тарафини олиб чиқиб, шундай деди: 

“Қорабоғ Озарбайжон ҳудудидир. Бошқа мақомнинг ўрнатилиши ҳеч қачон қабул қилинмайди”. 

АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлашини айтиб, Тошкентнинг бу борадаги расмий позициясини ифодалади. 

“Озарбайжоннинг барча соҳаларда, айниқса, ҳудудий яхлитлик ва адолатни тиклаш борасида эришаётган ютуқларидан мамнунмиз. Биз Озарбайжонни адолатли курашида қўллаб-қувватлаймиз ва барча қийинчиликларга қарамай, Озарбайжон ҳукумати ва халқининг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва ҳимоя қилиш борасидаги қатъиятини олқишлаймиз”, дейди Сафоев.

20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Россия тинчликпарвар контингенти иштирокида Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Ўша куни Бош вазир Никол Пашинян Арманистон халқига йўллаган мурожаатида Арманистон Қорабоғ ҳукуматининг Озарбайжон билан музокара олиб бориш қарорини “эътиборга олишини” айтди. Шу билан бирга, у “Арманистон Республикаси Қорабоғ бўйича имзоланган матнни тайёрлашда ва муҳокамаларда иштирок этмаганини” таъкидлади. 19 сентябрь куни Ереванда республика ҳокимияти истеъфосини талаб қилиб, кенг кўламли намойишлар бошланди.

21 ва 25 сентябрь кунлари Евлах ва Хўжалида Қорабоғ арман аҳолиси вакиллари ва Озарбайжон ҳукумати ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди, уларда арман аҳолисини реинтеграциялаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 28 сентябрь ҳолатига кўра, минтақадан Арманистонга 65 мингдан ортиқ қочқин келган.

Авазбек Мўйдинов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Озарбайжон Никол Пашинян Арманистон Тоғли Қорабоғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг