Тоғли Қорабоғ можароси: Алиев ва Пашинян илк бор юзлашиб, бор дардини ўртага ташлади

Олам

image

Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари тарихда илк бор Арман-Озарбайжон Тоғли Қорабоғ можаросига бағишланган очиқ муҳокамаларда иштирок этдилар. Муҳокама Мюнхен хавфсизлик конференциясида бўлиб ўтди. 

"Тоғли Қорабоғ можаросининг янги тенденциялари" мавзусидаги мунозарада Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибига кирганлигини айтиб, республиканинг ҳудудий яхлитлиги бутун халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишини таъкидлади.

У собиқ иттифоқ даврида  Большевиклар партиясининг Кавказ бюроси 1921 йилда "Қорабоғни Озарбайжон таркибида сақлаш тўғрисида” қарор қабул қилганини эслади. 

Алиев, Арманистон томонининг, Қорабоғ гўё Озарбайжонга топширилгани ҳақидаги сўзлари ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади. 

“Арманистон Бош вазири БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияларида арман қўшинларини босиб олинган ҳудудлардан зудлик билан ва сўзсиз чиқариб юборилишини талаб қилишини унутмаслиги керак. Арманистон Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизини эгаллаб олган ва босиб олинган ерларда озарбайжон тинч аҳолисига қарши, шу жумладан Хожали қирғинига қарши этник тозалаш ишларини олиб борган. Тарихий меросимизни ушбу ерларда йўқ қилиб ташлаган арманлардир”, дейди Озарбайжон раҳбари. 

Илҳом Алиев, шунингдек, ЕХҲТ Минск гуруҳининг ҳамраислари Арманистонга Тоғли Қорабоғ Арманистонники эмаслигини тушунтиришлари кераклигини айтди. "Ҳеч бир мамлакат Тоғли Қорабоғни тан олмади",  деб эслатди Озарбайжон Президенти. 

"Арманистон тинчлик ҳақида гапиради, лекин бугун мерган томонидан озарбайжон аскарининг ўлдирилишини қандай тушунтириш керак?

Бу ерга ҳақиқатни гапириш учун келдим. Ҳақиқат шундаки, озарбайжонлик кўчманчилар ўз ҳудудларига қайтишлари керак. Бу уларнинг ажралмас ҳуқуқи. Ишғол қилинган ерлардаги қуролли кучларнинг 80 фоиздан ортиғи Арманистондан келган аскарлардир. Арманистон бу ҳудудларни муддатсиз ушлаб туришга қодир, деб ҳисоблайди. Аммо бу ҳеч қачон бўлмайди!”, дейди Илҳом Алиев. 

Илҳом Алиев можарони босқичма-босқич ҳал қилиш кераклигини таъкидлади: 

“Босиб олинган ҳудудларнинг бир қисми озод қилиниши керак. Озарбайжонлик кўчманчилар ўз ерларига қайтишлари керак. Бу томонлар ўртасида ишончни қарор топтиришга ёрдам беради ва бундан кейин Тоғли Қорабоғнинг мақоми белгиланади”, деди Президент. 

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўз навбатида Озарбайжон раҳбарининг айбловларини рад этиб, Хожали шаҳридаги воқеаларни геноцид акти деб тан олишдан бош тортди. 

Унга кўра, Тоғли Қорабоғ можароси тинч йўл билан ҳал қилиниши керак. 

Шу билан бирга, Пашинян Тоғли Қорабоғда арман қўшинлари йўқлигини ва бу ерларга фақат маҳаллий ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари жойлаштирилганини яна бир бор таъкидлади. Бироқ, айни пайтда у ўғлининг Тоғли Қорабоғда олдинги сафда хизмат қилганини тан олди.

Маълумот ўрнида, Қорабоғдаги можаро 1988 йилнинг февралида, Тоғли Қорабоғ автоном вилояти (Озарбайжон ССР) Озарбайжон ССР таркибидан чиқиб кетишини эълон қилган пайтда бошланди. 

1991 йил сентябрь ойида Степанакерт марказида Тоғли Қорабоғ Республикаси (ТҚР) ташкил этилиши эълон қилинди. Ҳарбий можаро пайтида Озарбайжон Ҳукумати Тоғли Қорабоғ устидан назоратни йўқотди.

1992 йилдан бери можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ЕХҲТнинг Минск гуруҳи доирасида музокаралар олиб борилмоқда.

1994 йил май ойида томонлар ўқ отишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Ҳозиргача Россия, Франция ва АҚШ раислиги ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан биргаликда самарасиз тинчлик музокаралари олиб бориляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев Никол Пашинян Озарбайжон-Арманистон Тоғли Қорабоғ

Баҳолаганлар

171

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг